Яқин вақтларгача қон босимини ўлчашда хорижий экспертлар қайси индикатор муҳимлиги борасида турли фикрларда бўлишган. Ва ниҳоят, Америкалик тадқиқотчилар ушбу масалага ойдинлик киритишди.
Қон босимини ўлчашда иккита параметр аниқланади:
1- систолик босим. Юқори кўрсаткич – юракнинг тўлиқ қисқариши пайтида томирлардаги максимал босимни ўлчайди (у юқори ёки юрак систолик босими дейилади).
2- диосистолик босим. Пастки кўрсаткич орқали юракнинг тўлиқ бўшашиши вақтида томирлардаги минимал босимни ўлчайди. Бу диастолик пастки қон томир босими ёки буйрак босими деб аталади, чунки юрак бўшашган пайтда томир тонуси асосан буйракларни тартибга солади.
АҚШда ўтказилган тадқиқот шуни исботладики, систолик ва диастолик босимни аниқлашда икки параметр ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Кўтарилган пастки (диастолик) босим юқори (систолик) босим каби юрак ва қон-томирлари билан боғлиқ муаммоларнинг кўрсаткичи ҳисобланади. Аммо касаллик ёш билан боғлиқ бўлса, систолик босим янада муҳимроқ аҳамиятга эга бўлади.
Бундай хулосалар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Гап шундаки, америкалик олимлар 2007-2016 йиллар давомида 1,3 миллион нафар беморнинг қон босимини 36 миллион мартадан кўпроқ ўлчаган. Шифокорлар тадқиқот иштирокчиларининг ёши ва касаллик тарихи билан яқиндан таниш бўлишган.
Катта масштабда ўтказилган тадқиқот юқори қон босими бир қатор юрак-қон томир касалликлари хавфини оширишини тасдиқлади. Эслатиб ўтамиз, юқори қон босими касаллиги турли давлатларда турлича номланади.
• Масалан, Европада беморнинг қон босими 140га 90 бўлса, унга гипертония ташхиси қўйилади.
• Қўшма Штатларда эса, бу кўрсаткич бироз пастроқ бўлади. Яъни беморнинг қон босими 130га 80 бўлса, у гипертонияга чалинган ҳисобланади.
• Ўзбекистонда ҳам 140га 90 бўлган босим гипертонияга чалинганликни билдиради.
Илмий иш муаллифларининг сўнгги хулосаларига кўра, қон босимини ўлчашда иккала чегара параметрлари муҳим аҳамиятга эга. Юрак хуружи ва қон томир касалликларини аниқлашда пастки (диостолик) босимга ҳам эътиборли бўлиш жуда муҳим.