Президент 7 декабрда, ҳали аномал совуқнинг дараги йўқ пайтдаёқ бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ҳукумат ишчи гуруҳи тузилганини маълум қилиб, электр ва газ муаммоларини ҳал қилиш бўйича тезкор чоралар кўришни топширганди. Ундан олдинроқ Очилбой Раматов раҳбарлигида комиссия тузилиб, қишни беталафот ўтказиш учун 2 трлн сўм пул ажратилганди. Натижа қандай бўлганини эса ҳамма кўрди.
9 январдан Ўзбекистонга аномал совуқ об-ҳаво кириб келди. Барча ҳудудларда қор ёғиб, ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетди. Йўлларда музламалар пайдо бўлди, транспортлар ҳаракати оғирлашди. Совуқ об-ҳаво сабабли ҳатто поездлар йўлда тўхтаб қолди, маҳаллий ва халқаро авиарейслар кечиктирилди.
Энг асосийси эса табиий газ ва электр энергияси таъминотида том маънодаги инқироз юзага келди. Айниқса, пойтахтнинг кўплаб туманлари суткалаб газсиз ва электр токисиз қолди.
Президентнинг бош вазирга топшириғи
Аслида президент электр ва газ муаммоларини ҳал қилиш бўйича 2022 йилнинг декабрь ойи бошидаёқ бош вазирга топшириқ берган эди. Хусусан, 2022 йил 7 декабрда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кутилаётган натижалар ва энергетикадаги мавжуд вазият бўйича йиғилиш ўтказилган.
Йиғилишда президент топшириғига асосан электр ва газ муаммоларини ҳал қилиш, мавжуд вазиятни юмшатиш, тезкор чоралар кўриш учун бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ҳукумат ишчи гуруҳи тузилгани маълум қилинган.
Ишчи гуруҳга қуйидаги вазифалар юклатилган:
Йиғилишда тизимга бириктирилган барча мутасаддилар қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун керакли чораларни ўз вақтида ва тезкорлик билан ҳал этишга бирдек масъул экани таъкидланган.
Натижа нима бўлди?
Январь ойининг якунига етаётган иккинчи ўн кунлиги пойтахтликлар учун музли декада сифатида эсда қоладиган бўлди: чироқсиз уйлар, етишмаган табиий газ, борлиги сезилмаган иссиқлик таъминоти Тошкент қаҳратон қишга тайёр эмаслигини кўрсатди.
Бошқа ҳудудлар бу каби шароитга анча кўникиб қолган. Аммо бундай коллапс аввал Тошкентда кузатилмагани учун одамлар бунга тайёр эмасди: ижтимоий тармоқларда эл таниган инсонлар ҳам гоҳ юмор, гоҳ жиддий тарзда чиқишлар қилишди, ҳатто уй совуқлигидан исиниш учун пойтахт кўчаларида оловлар ёқилди.
Маблағ йўқмиди?
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун салкам 2 трлн сўм маблағ ажратилган ва бу ишларнинг назорати бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовга юклатилган эди. Аммо бу маблағлар аниқ манзилига етиб бормаганини пойтахтдаги ҳолатлар кўрсатиб берди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 сентябрдаги тегишли қарорида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш юзасидан қатор чора-тадбирлар белгиланганди.
Қарор билан бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовга қуйидаги муҳим вазифалар топширилган:
Ҳукумат қарорда ҳар бир вилоят, жумладан Тошкент шаҳри иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ишларининг йиғма параметрлари тасдиқланган.
Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун 1 трлн 994,3 млрд сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган.
Тошкент шаҳридаги иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш учун эса 143 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Бу маблағнинг 11,5 млрд сўмига электр тармоқлари ва қурилмаларини, 7,5 млрд сўмига эса газ таъминоти объектлари ва қурилмаларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш назарда тутилган.
Бу ишлар қай даражада амалга оширилгани, ажратилган маблағлар қанчалик манзилига етиб боргани бизга қоронғи. Лекин натижа қандай бўлганини ҳамма кўрди.
16 январь куни эса президент энергия ресурслари таъминоти бўйича ўтказган йиғилишида Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ раиси Фарҳод Абдураҳмоновни ишдан олди.
Манба: kun.uz