Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ўғли Қодирбек Атамбаев ва уни тарафдори бўлган бир неча шахс оммавий тартибсизликлар ташкил этганликда айбланмоқда.
Тергов версиясига кўра, қўлга олинганлар парламент сайловлари натижалари эълон қилинганидан кейин “Конститусияга зид талаблар” қўйиш ва “Маъмурий бинолар, телеканаллар, куч тузилмалари объектлари, қурол-яроғ ва жазони ижро этиш муассасаларини эгаллашга уриниш”ни режалаштирган.
"Ушбу ҳаракатларга куч билан кўмаклашишни “жиноий элементлар” амалга ошириши керак эди. Тинтувлар давомида қуроллар, ўқ-дорилар, гранаталар, алоқа воситалари, тартибсизликларни молиялаштиришга оид ҳужжатлар, ҳаракат режалари, наркотик моддалар, шунингдек 150 минг доллар миқдорида пул маблағлари мусодара қилинди", дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.
Қирғизистон парламентига муддатидан олдин сайловлар шу йилнинг 30 ноябрда бўлиб ўтади. Парламент сайловлари 2026 йил ноябрида ўтказилиши режалаштирилган эди, аммо 25 сентябрда амалдаги депутатлар ихтиёрий равишда ўз ваколатларини топширишларини эълон қилишганди.