Туркиянинг географик жойлашуви ва релефи туфайли мамлакатнинг турли ҳудудларида бир вақтнинг ўзида турли фасл ва иқлим шароитларини кузатиш мумкин. Шу боис, ўлкада қиш фаслида ҳам илиқ иқлимга эга шаҳарлар учрайди.
Анталия: серқуёш шаҳар
Таътил деганда кўпчиликнинг ақлига биринчи келадиган шаҳар— Анталия. Ёз фасли энг сўнг тарк этадиган ҳудудлардан бири ҳам шу шаҳар ҳисобланади ва қиш ойларида ҳам ўзига хос илиқлигини сақлаб қолади. Туркиянинг шарқий ва шимолий минтақаларида совуқ ҳаво ҳукм сураётган бир пайтда, Анталияда ҳаво ҳарорати анча юқори бўлади. Бу ерда апрельдан октябрь охирига қадар денгиздан баҳраманд бўлиш мумкин. Анталия қишки таътил учун ҳам идеал танловдир!
Мерсин: ёз нафаси уфуриб турадиган шаҳар
Мерсин қишда ҳам илиқ иқлими ва сокин, ҳузурли муҳити билан ажралиб туради. Ўрта ер денгизи минтақасида жойлашгани ва жанубга чўзилган қирғоқ чизиғи туфайли Мерсинда қиш фаслида ҳаво ҳарорати бошқа ҳудудларга нисбатан илиқ бўлади. Қолаверса, қиш ҳали тугамасданоқ об-ҳавога қараб денгизга тушиш мумкин. Шаҳар бетакрор қўлтиқлари ва мусаффо соҳиллари билан сайёҳларни ўзига ром этади. Шинам меҳмонхоналар эса қулай дам олиш имкониятини тақдим этади.
Адана: илиқ иқлим ҳукмрон шаҳар
Адана ёз фаслида жуда иссиқ бўлади. Қишда эса ҳарорат кескин пасаймайди, шунинг учун илиқ шаҳарлар орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Қиш мавсумида қор жуда кам ёғади ва саёҳат қилиш ҳамда шаҳар ҳаётини яқиндан ҳис қилишни хоҳловчилар учун энг мос пайт саналади.
Айдин: антик шаҳарлар бағридаги илиқ қиш
Айдин вилояти қишда барқарор ва илиқ иқлими билан ажралиб туради. Бу эса антик шаҳарларни мавсумий чекловларсиз ўрганиш имконини беради. Ҳудудда 22 та антик шаҳар мавжуд бўлиб, энг машҳурларига Милет, Приене, Магнезия, Ниса, Афродисиас ва Алабада киради.
Муғла: қишки дам олиш жаннати
Жаннатмакон манзиллар нафақат ёзда, балки қишда ҳам кашф қилишга арзийди. Муғла бунга энг яхши мисол. Мармарис, Бодрум, Фетҳие ва Гўжекни сокин пайтда сайр қилишнинг гашти бўлак. Бу сафар денгиз эмас, тор кўчалари ва гўзал манзараларидан баҳра олинг. Муғла сайёҳлар кам пайтда нақ ҳилват масканига айланади.
Измир: Эгей денгизининг қишки илиқлиги
Измир — қиш фаслида ҳам ташриф буюриш мумкин бўлган илиқ ва жозибали шаҳар. Эфес антик шаҳри, Агора ёдгорлиги, Кадифекале, Кемералти бозори ва Измир археология музейи каби тарихий ва маданий масканлар шаҳарнинг асл руҳини ҳис қилишга ёрдам беради. Қиш мавсумида ҳам сокинлиги ва илиқлиги билан ажралиб турадиган шаҳар саёҳат ихлосмандлари учун идеал йўналишдир.
Денизли: термал булоқлар маскани
Денизли Эгей минтақасидаги яна бир илиқ шаҳар. Қишда ҳаво ҳарорати деярли тушмайди ва шаҳар ўзининг термал сувлари билан машҳур. Бундан ташқари, Ажигўл, Бағбоши платоси ва Памуккале каби кўплаб табиий гўзалликлари билан зиёратчиларни жалб қилади. Шаҳарда Памуккале, Караҳайит, Аккўй ва Теккекўй каби кўплаб иссиқ булоқлар мавжуд.
Баликесир: Мармаранинг илиқ маскани
Баликесир қишда бошқа шаҳарларга қараганда совуқроқ бўлса-да, у Мармара минтақаси учун идеал илиқликка эга. Қиш охирида ташриф буюриш тавсия этилади, чунки мавсум ўртасида ҳам қор ёғиши мумкин. Айвалик, Эдремит, Бандирма, Эрдек ва Алтинолук каби манзиллар табиий ва маданий бойликлари билан диққатга сазовордир.
Чаноққалъа: мўътадил иқлимга эга
Чаноққалъа — кўп шамол эсишига қарамай, Мармара минтақасидаги юмшоқ иқлимли шаҳарлардан биридир. Шаҳарни кашф қилиш учун қиш фасли айни муддао. Чаноққалъа шаҳидлари ёдгорлиги, қадимий Троя шаҳри, Троя музейи, Айнали бозори ва Троя оти каби тарихий масканлар шаҳарга янада жозиба бағишлайди. Шу билан бирга, Гўкчаада ва Бозжаадага вапур орқали бориш, сокин ва тинч бу оролларда эркин сайр қилиш завқ ва ҳузур бағишлайди.