Қирғизистонда энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш ва уларни хориждан олиб кириш бутунлай тақиқланиши мумкин. Президент Садир Жапаров ҳукуматга ушбу масалани бир ой ичида ўрганиб чиқиш вазифасини юклади.
Давлат раҳбари энергетик ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш соғлиқ учун хавф туғдириши ва уларга ўрганиб қолиш ҳолатларини келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлади.
Жапаровнинг маълум қилишича, 2025 йилда мамлакат аҳолиси қарийб 129 миллион банка энергетик ичимлик истеъмол қилган. 2026 йилнинг дастлабки олти ойида эса бу кўрсаткич 85,9 миллион банкани ташкил этган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тақиқ кучга кирса, давлат бюджети тахминан 1,5 миллиард сом солиқ тушумидан маҳрум бўлади.
"Бироқ миллат, фуқаролар ва келажак авлодлар саломатлигини ҳеч қандай пул билан ўлчаб бўлмайди", — деди Қирғизистон президенти.
Ҳукуматга бир ойда тақиқ масаласини кўриб чиқиш, олти ой ичида эса қонунчилик доирасида тегишли тартибга солиш чораларини ишлаб чиқиш топширилган. Ҳозирча якуний тақиқ жорий этилмаган.