Бишкек шаҳар суди 10 сентябр куни “75 мактуб” иши бўйича судланувчиларга, жумладан, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси Қамчибек Ташиевга ҳукм ўқиди.
“75 мактуб” иши бўйича барча судланувчилар 4 йилга ҳукм қилинди, бироқ суд уларга 2 йил муддатга пробация назоратини қўллади. Бишкек шаҳар суди ҳокимиятни куч билан эгаллаш моддасини олиб ташлаб, унинг ўрнини сайлов ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилиш моддасига алмаштирди. Шу билан бирга, янги модда бўйича ҳукмда мол-мулкни мусодара қилиш назарда тутилмаган.
2 июл куни Бишкек суди “75 мактуб” иши бўйича ҳукм чиқарганди. Ўшанда Қамчибек Ташиев ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш моддаси бўйича айбдор деб топилган, унга 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ 3 йиллик пробация назорати ўрнатилиб, жазони ўташдан озод этилганди.
Шу йилнинг феврал ойида 75 киши Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Жогорку Кенеш (парламент) раисига муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишни сўраб мурожаат йўллаганди. Мурожаат муаллифлари кейинчалик қўлга олиниб, айримларига жиноий иш очилган. Мазкур мактуб ортидан Қамчибек Ташиев лавозимидан озод этилганди. Ўшанда президент Жапаров дўсти Ташиевнинг “75 мактуб”га алоқадорлигини тергов ва суд аниқлашини айтганди.