Қирғизистон президенти Садир Жапаров 10–11 ноябрь кунлари ишчи ташриф билан Россияда бўлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф доирасида Жапаров Москвада ўтказиладиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Коллектив хавфсизлик кенгаши йиғилишида иштирок этади.
Саммитда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари халқаро ва минтақавий хавфсизликка оид долзарб масалаларни, КХШТнинг сўнгги даврдаги фаолияти натижаларини ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш чораларини муҳокама қилади.
Асосий эътибор терроризм ва экстремизмга қарши кураш, биологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни такомиллаштиришга қаратилади.
Йиғилиш якунида бир қатор ҳужжатлар, жумладан, КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши декларациясини имзолаш режалаштирилган.
Шунингдек, Коллектив хавфсизлик шартномаси имзоланганининг 35 йиллиги ва КХШТ ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган тадбирлар режаси тасдиқланиши кутилмоқда.