Мажбурий ижро бюроси органлари иш юритувига келиб тушган ижро ҳужжатлар ижросини таъминлаш, қарздор шахслар ва уларнинг мол-мулкларини аниқлаш, қидириб топиш ва қарздорликларни бартараф этиш борасида муайян ишлар қилинмоқда.
Қидирув ҳаракатлари дастлаб ижро ҳужжатини ижро этиш жойида, қарздорнинг маълум бўлган охирги яшаш жойида ёки унинг мол-мулки турган жойида ёхуд ундирувчининг яшаш жойида олиб борилади.
Бундай ҳолларда ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш қидирув ҳаракатларининг натижасига боғлиқ, чунки қарздор шахс ёки унинг мол-мулклари топилгунга қадар ижро иши ижросини таъминлаш имконияти бўлмайди ва ижро ҳаракатлари тўхтатиб турилади. Жумладан, Когон туманлараро иқтисодий судининг суд ҳужжатига асосан ундирувчи “Ўзагросуғурта” АЖ Тошкент вилояти филиали фойдасига қарздор “R.T.Q.” МЧЖдан 1.885.029.301 сўм миқдоридаги қарздорликни суброгация тартибида ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Қоракўл туман бўлими иш юритувига 13.05.2024 йилда келиб тушган.
Давлат ижрочиси томонидан шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилган.
Қарздорга ижро ҳужжати мазмун-моҳияти тўлиқ тушунтирилиб, қарздорликни бартараф қилиш учун қонунчиликка мувофиқ ихтиёрий муддат берилган бўлсада, ижро ҳужжати талаблари бажарилмаган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздор корхонага тегишли бўлган “KIA SORENTO” русумли автотранспорт воситаси нисбатан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 42-моддасига асосан қидирув эълон қилинган.
Қидирув ҳаракатлари дастлаб ижро ҳужжатини ижро этиш жойида олиб борилиб, кейинчалик қидирув ҳудуди кенгайтирилган. Бюронинг марказий аппарати қидирув бўлими ходимлари томонидан амалга оширилган қидирув ҳаракатлари натижасида қидирувдаги мазкур автомашина Тошкент шаҳрида ҳаракатланиб юрганлиги аниқланган ҳамда тегишли тартибда хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилган.
Ҳозирда, ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.