2026 йилда ўтказиладиган Жаҳон чемпионатининг Осиё минтақаси 3-саралаш босқичи 5-тур доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси сафарда Қатар жамоасига қарши майдонга тушиб 2:3 ҳисобида мағлубиятга учради.
Аввалига 2 тўп фарқи билан ортда бораётган ўзбекистонликлар 2-бўлимдаги фаоллик эвазига ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Аммо ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда ўтказиб юборилган гол сабаб, якунда мезбонлар 3 очкога эгалик қиладиган бўлди.
Sofascore ушбу баҳсда ўзбекистонликлар ўйини учун баҳоларни эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоасида иккита голга муаллифлик қилган Аббосбек Файзуллаев 8,7 баллга лойиқ кўрилган. Захирадан тушиб ўйинни кучайтира олган ва иккинчи голга ҳаммуаллифлик қилган Жалолиддин Машарипов 8 баллга муносиб кўрилган. Ўнг қанотдан ҳужумлар уюштиришда фаол иштирок этган ва биринчи гол учун ажойиб узатмани амалга оширган Ҳожиакбар Алижонов 7,8 балл олган.
Меҳмонлар сафида захирадан майдонга қўшилган ҳимоячи Рустам Ашурматов энг паст — 6,3 балл олган. Жароҳат сабаб майдонни эрта тарк этган Элдор Шомуродов 6,4 баллга муносиб кўрилган. Абдулла Абдуллаев ҳам ушбу ўйинда ўзининг яхши хислатларини намойиш эта олмади — 6,5 балл.
Қатар сафида урилган икки голга ҳаммуаллифлик қилган Акрам Афиф ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди. У Sofascore томонидан 8,9 баллга лойиқ кўрилган. Дубль қайд этган Алмоэз Али 7,8 балл билан баҳоланган. Худди шунча баллга ғалаба голи муаллифи Лукас Мендес, ҳимоячилар ва дарвозабон лойиқ кўрилган.
Маълумот учун Ўзбекистон терма жамоаси ушбу мағлубиятдан сўнг ҳам турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Жамоа кейинги турни Шимолий Кореяга қарши 19 ноябрь куни ўтказади.