Қашқадарёлик 98 ёшли ўқитувчи "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланди, дея хабар берди вилоятнинг Косон тумани ҳокимлиги.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бир гуруҳ ўқитувчилар президентнинг тегишли фармонига мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Улар орасида Косон туманидаги 24-умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Эгамшукур Абдиев ҳам бор.
“Бутун ҳаётини таълим соҳасига баҳш этган 98 ёшли Эгамшукур ота "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланди. Эгамшукур ота ҳозир мактабда математика фанидан дарс бериб келмоқда”, — дейилади хабарда.