Қашқадарёда 27 июль соат 00:01дан бошлаб 15 августгача бир қатор қўшимча чекловлар жорий қилинмоқда. Бу ҳақда вилоят махсус комиссияси хабар берди.
Хабарга кўра, бу вақтда барча турдаги транспорт воситаларининг Қарши шаҳрига кириши ва ҳаракатланиши чекланади. Фақат қуйидаги ҳолатларда мазкур чекловлар истисно этилади:
Маълум қилинишича, 15 августгача Қарши шаҳрида автотранспорт воситалари ҳаракати бутунлай тўхтатилади. Яъни бутун сутка давомида (ҳатто эрталаб 07:00дан 10:00гача ва кечки пайт 17:00дан 20:00гача ҳам) вилоят марказида автотранспортда ҳаракатланиш тақиқланади. Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар бундан мустасно.
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри ва бошқа туманларида эса автотранспорт воситалари эрталаб соат 07:00дан 10:00гача ва кеч соат 17:00дан 20:00гача тегишли ҳудуд доирасидагина ҳаракатланиши мумкин.
Хабарларда махсус рухсатномага эга ва ҳаракатланиши учун стикер талаб этилмайдиган автотранспортлар масаласига аниқлик киритилмаган.
Қайд этилишича, вилоят ИИБ вилоят телерадиокомпанияси билан биргаликда мунтазам равишда карантин талаблари ва чекловларини риоя этмаётган ташкилот ва муассасалар, савдо ва маиший хизмат, умумий овқатланиш корхоналари ҳамда фуқароларни аниқлаш бўйича қўшма рейдлар ўтказиб, танқидий кўрсатувларни эфирга узатиб боради.
Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари ва туманлар марказларида йўналишсиз таксилар сони 3 бараваргача қисқартирилади.
Республика махсус комиссиясининг 16 июлдаги йиғилиш баёни талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, вилоятдаги рўйхатга олинган ваколатли транспорт ташкилотлари (уюшмалар) томонидан аниқ давлат рақами кўрсатилиб, рухсат берилган йўналишсиз такси автомашиналаригина ҳаракатланади.
Вилоят ИИБ Йўл ҳаракат хавфсизлиги бош бошқармаси ва Транспорт бошқармаси Қарши шаҳрида фаолият юритувчи йўловчи ташиш таксилари ҳамда ҳайдовчиларининг рўйхатини шакллантириш ва уларнинг белгиланган ҳудуддан ташқарида фаолият олиб бормасликлари устидан қатъий назорат ўрнатади.
Вилоят Транспорт бошқармаси ва вилоят Санитария-эпидемиологик назорати маркази йўналишсиз таксиларга ҳар 4 соатда дезинфекция қилишни қатъий назоратга олиш мақсадида махсус дезинфекциялаш нуқталарини ташкил этиш ва дезинфекциялашни рўйхатга олиш механизмини йўлга қўяди.
Қашқадарё вилоят Транспорт бошқармаси бошлиғи Шерзод Норбобоев тартибга амал қилмаган ҳайдовчиларга қатъий чора кўрилишидан огоҳлантирди.
«Хабарингиз бор, ҳозирги карантин шароитида йўналишсиз такси фаолиятига ҳам маълум талаблар асосида рухсат этилган. Қарши шаҳрида 111та ташувчи корхона тасарруфидаги 1666та йўналишсиз такси аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Бироқ йўналишсиз таксида йўловчи ташишда баъзида карантин талабларига беписанд қараш, транспорт воситасининг вақтида дезинфекция қилинмаслиги, жиҳозланиши талабга жавоб бермаслиги ва шунга ўхшаш айрим камчиликларни эътиборга олиб, туманлар (шаҳар) марказларида йўналишсиз таксилар сонини чеклаш мақсадга мувофиқ деб топилди.
Ўрганиш натижасида ушбу миқдорни 3 бараваргача қисқартириш мавжуд эҳтиёжни қоплаш учун етарли бўлиши ҳисоб-китоб қилинди.
Шу тариқа, ташувчи корхоналар билан келишган ҳолда туман (шаҳар)лар марказларида муайян вақт оралиғида йўловчи ташиши мумкин бўлган йўналишсиз таксилар рўйхати шакллантирилди.Бу чорани қўллашдан мақсад – аҳоли орасида мулоқотни камайтириш, зарурат бўлмаганда кўчага чиқишнинг олдини олиш, касаллик тарқалишига йўл қўймасликдан иборат. Шунингдек, таксиларнинг карантин қоидаларига амал қилишини назорат қилиш ҳам осонлашади. Қолаверса, йўналишсиз таксиларнинг фақат ўз ҳудудида фаолият олиб бориши лозим бўлади.
Рўйхат асосида қатновга чиқариладиган йўналишсиз таксиларнинг карантин қоидаларига қатъий амал қилиши вилоят Транспорт бошқармаси ва вилоят ЙҲХБ ҳамкорлигида мунтазам назорат қилиб борилади. Транспорт воситаси ҳар 4 соатда дезинфеция қилиниши, машина салони шаффоф материал билан ажратилиши, фақат 2 нафар йўловчини орқа ўриндиққа миндириш, салонда антисептик воситаларнинг бўлиши, тозаликка эътибор бериш асосий талаблар сирасига киради.
Белгиланган тариф асосида йўловчи ташиш лозим бўлади. Буларга риоя этмаган ҳайдовчиларга нисбатан кескин чоралар кўрилади, такси ҳайдовчисининг йўловчи ташишга рухсат берувчи лицензия варақасини бекор қилишгача борилади.
Фурсатдан фойдаланиб, ташувчи корхона ва йўналишсиз такси ҳайдовчиларига юзланмоқчиман. Ҳурматли ташувчи, корхоналар раҳбарлари, қатновга чиқишдан аввал йўналишсиз таксиларни ҳар куни эрталаб техник кўрикдан, ҳайдовчиларни эса тиббий кўрикдан ўтказишни унутманг. Бу масалага ҳар қачонгидан жиддийроқ қарашингизни сўраймиз. Ўз навбатида, шакллантирилган рўйхатга кирмаган йўналишсиз таксиларнинг ўзбошимчалик билан қатновга чиқмаслигини таъминлашингиз даркор. Бу борада жавобгарлик шахсан ташувчи корхонага юклатилади.
Ҳурматли йўналишсиз такси ҳайдовчилари! Карантин қоидаларига оғишмай амал қилинг. Транспорт воситасини белгиланган ҳар 4 соатда дезинфеция қилишга асло лоқайд бўлманг. Салонда антисептик воситалар бўлишини таъминланг. Ниқобсиз йўловчиларга хизмат кўрсатманг. Ошиқча одам олманг. Салонни ажратиб турувчи шаффоф материал озода бўлиши ва яроқсиз ҳолга келганда янгилаб турилишига эътибор қаратинг. Ҳозирги қийин вазиятда йўлкирани асоссиз ошириб юборманг.
Шу ўринда йўловчиларга ҳам талаб ва тавсияларимиз бор. Аввало эҳтиёжсиз, беҳуда кўчага чиқмасликни сўраймиз. Вазият тақозо этса, фақат қонуний фаолият кўрсатаётган (таниш белгилари бўлган, сариққа бўялган), белгиланган тартибда жиҳозланган йўналишсиз такси хизматидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ноқонуний кира қилаётган, дезинфекция қилинмаган уловга миниб, ўз саломатлигингизни хавфга қўйманг.
Карантин шароитида мавжуд қоидаларга риоя этмай, шунингдек, ноқонуний фаолият кўрсатаётган, йўлкирани асоссиз оширган таксиларга дуч келсангиз, Қашқадарё вилояти транспорт бошқармасида ташкил этилган (0375) 227-00-72 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин.
Мавжуд қоидаларга тўлиқ амал қилсак, касалликни тезроқ енгишга, унинг тарқалиши хавфини камайтиришга эришамиз», – деган вилоят Транспорт бошқармаси бошлиғи.