"Биринчи алоқалардан қандайдир жуда юқори натижа кутиш хато бўларди. Бу музокаралар конструктив руҳда бошланганининг ўзи ижобий баҳоланиши мумкин. Бироқ олдинда жуда жиддий масалалар кутиб турибди", — деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ТАСС агентлигига.
У, шунингдек, ушбу музокараларда “дўстона муҳит бўлиши эҳтимолдан йироқ” эканини қўшимча қилди.
Песков бу сўзлари орқали Axios нашрида америкалик расмийларга таяниб эълон қилинган мақолани изоҳлаган бўлиши мумкин. Унда АҚШ вакиллари музокаралардан мамнун экани, “ҳеч бир томон учун рад этиладиган мавзулар бўлмагани”, “ҳеч кимни мажбурлаб нимагадир ундашга тўғри келмагани”, шунингдек, уч делегация аъзолари тушлик пайтида бир стол атрофида ўтирганида “деярли дўстлардек кўрингани” айтилган эди.
Россия, Украина ва АҚШ делегацияларининг илк уч томонлама музокаралари 23–24 январ кунлари Абу-Дабида ёпиқ форматда бўлиб ўтган. Украина президенти Володимир Зеленский уларни конструктив деб баҳолаган. Axios маълумотига кўра, музокаралар 1 феврал куни қайта бошланади.