ТАСС хабарига кўра, Владимир Путин урушнинг давом этиши учун масъулиятни яна Украина зиммасига юклади ва ўз мақсадларига эришмагунча жанг қилиш билан таҳдид қилди. У ҳарбийлар билан ўтган йиғилишда шундай деди:
«Киев режими бошлиқлари бу можарони тинч йўл билан ҳал этишга шошилмаяпти. [...] Биз жанговар тўқнашув чизиғида кузатаётган (Россия қўшинларининг ҳужум суръатлари)га қараганда, ҳозирча украин ҳарбий тузилмаларини улар эгаллаб турган ҳудудлардан олиб чиқишга бўлган қизиқишимиз амалда нолга тушиб бормоқда. Агар Киев ҳокимияти масалани тинч йўл билан якунлашни истамаса, биз олдимизда турган барча вазифаларни махсус ҳарбий операция доирасида қуролли йўл билан ҳал қиламиз».
BILD таҳририяти хулосасига кўра, Путиннинг мантиқи шундан иборатки: Россия қанча кўп ҳудудни назорат қилса, у музокаралар олиб боришга шунча кам қизиқади. Унинг хабари аниқ: тинчлик фақат Кремль шартлари асосида бўлиши мумкин — акс ҳолда у умуман бўлмайди.
Жанговар баёнотлар учун вақт ҳам бежиз танланмаган — Путин уларни АҚШ ва Украина президентлари Дональд Трамп ва Владимир Зеленский учрашувидан атиги бир кун олдин айтди. Трамп аввалроқ урушни «жуда тез якунлашни» исташини бир неча бор билдирган. Зеленский эса Украинанинг ҳудудий йўқотишлари, унинг хавфсизлиги ва суверенитети эвазига тузиладиган тинчлик келишуви муҳокама қилинмаслигини қатъий таъкидлаб келмоқда.