АҚШ президентининг махсус элчиси Стив Уиткоффнинг ташрифлари шаттл дипломатияси эканлигини Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
"Бу айнан шаттл дипломатияси, ҳа. Бу Қўшма Штатлар томонидан кўрсатилаётган воситачилик хизматидир," - деди матбуот котиби Зарубиннинг тегишли саволига жавоб бераркан.
Шаттл дипломатияси - томонлар ўртасидаги зиддиятни ҳал қилиш учун воситачи улар орасида ҳаракатланиб музокаралар олиб бориш усулидир. Дипломат ҳар бир томон билан алоҳида учрашиб, уларнинг таклиф ва талабларини бир-бирига етказади.
Песковнинг айтишича, Уиткофф махсус вакил сифатида Америка раҳбари Доналд Трампнинг хабарларини олиб келади ва унга маълумот етказиб кетади.
Матбуот котиби қўшимча қилишича, шахсий суҳбатда "барча нозик жиҳатларни тушунтириш" телефон орқали гаплашишга қараганда осонроқ. У "Бу Америка томонига ўз нуқтаи назаримизни етказиш учун қулай имконият," дея якунлади.
25 апрель куни Кремлда Уиткофф ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Сиёсатчилар Россия ва Украина вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри музокараларни қайта бошлаш имкониятини муҳокама қилишди.