Россия президенти Владимир Путин ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги музокаралар уч соатдан зиёд давом этди.
Музокаралар чоғида томонлар Россия-Хитой ҳамкорлигининг турли соҳаларини муҳокама қилди.
«Муҳими шундаки, мен ва Раис сўнгги йилларда барча йўналишларда икки томонлама муносабатларда катта ютуқларга эришилганини бирдек баҳолаймиз», — деди Россия раҳбари. Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг локомотиви бу — энергетика соҳаси бўлиб, бу соҳада янги қўшма лойиҳалар амалга ошиш арафасида.
Си Цзиньпин таъкидлашича, Россия ва Хитой ўртасидаги шериклик юқори даражада сақланиб қолмоқда ва бу икки томоннинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасидир. «Жаҳон технологик ўзгаришлар фонида мамлакатларимиз сиёсий ишонч ва стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашда давом этмоқда, халқаро масалаларда яқин ҳамкорлик қилмоқда, турбулент дунёда барқарорликка ҳисса қўшмоқда ва муҳим конструктив роль ўйнамоқда», — деди Хитой раҳбари.
Музокаралар якунида томонлар бир қатор қўшма ҳужжатларни имзолади. Си Цзиньпин кеча, 7 май куни Москвага етиб келди. У Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирларида бошқа таклиф этилган хорижий етакчилар билан биргаликда иштирок этади.
11:18
Кремлда Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раиси Си Цзиньпиннинг учрашуви бошланди.
Путин Буюк Кремл саройининг Георгий залида Хитой раисини қарши олди, уни “азиз дўст” деб атади ва янги учрашувдан мамнун эканини билдирди.
Россия президенти, шунингдек, Хитойга ташриф буюриб, милитарист Япония устидан қозонилган ғалабанинг юбилейи муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этишдан хурсанд бўлишини айтди.
Хитой раҳбари пайшанба кунининг асосий қисмини Россия президенти билан музокараларга бағишлайди, жума куни эса Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда асосий хорижий меҳмон сифатида иштирок этади.
Аввалроқ Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилишича, Путин ва Си Цзиньпиннинг музокаралари тор доирада бошланади, аммо Хитой делегацияси сонини ҳисобга олганда, бу учрашув ҳам унчалик камсонли бўлмайди.