Россия президенти Владимир Путин, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ва рус элитасининг бошқа вакиллари «танишлари орқали» Доналд Трампни АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади, дея хабар беради Кремль ва парламентга яқин манбалар «Верстка» нашрига.
Трампга Путин ва Медведевдан ташқари «Сбербанк» бошқаруви раиси Герман Греф, Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко ва Давлат думаси раиси Вячеслав Володин ҳам ўз табрикларини йўллаган. Нашр суҳбатдошига кўра, Россия расмийлари Трамп туфайли Москванинг Украина билан урушдаги позицияси яхшиланишига умид қилмоқда.
«Умидлар, биринчи навбатда, »махсус операция« давомида Украинага ёрдамнинг қисқариши билан боғлиқ. Шундай қилиб, Трамп, албатта, Харрисга қараганда анча келишувчан ва биз учун яхшироқ,» - деди парламентдаги манба.