Шимолий Корея Украинага қарши урушда қатнашиш учун КХДР аскарларини юборганидан кейин Россиядан Корея ярим оролида унинг учун жанг қилишни талаб қилиши мумкин, деди Жанубий Кореянинг Россиядаги собиқ элчиси Ви Сон Лак.
"Маълумки, Шимолий Корея Россия томонида жанг қилган. Агар қачонлардир Корея ярим оролида уруш бошланса, Шимолий Корея энди Россия келиб, ёрдам беришига умид қилиши мумкин," - деди Ви The Korea Herald нашрига берган интервьюсида.
Жанубий Корея Миллий хавфсизлик стратегияси институти (INSS) Пхенян АҚШдаги президентлик сайловлари олдидан республикачи Доналд Трампнинг ғалабасига умид қилиб, ўз ҳарбийларини Россияга юбориши мумкинлигини таъкидлади. "АҚШдаги сайловлардан кейин урушнинг ноаниқ истиқболларини ҳисобга олган ҳолда, Пхенян Москванинг ташқи стратегиясини олдиндан боғлаш чораларини кўрди," - дейилади INSS ҳисоботида.
Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик урушдан кейин ҳам давом этади, деди INSS собиқ президенти Нам Сонг Вук. У шу йилнинг июнь ойида Москва ва Пхенян ўртасида имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги битимни эслади. Ушбу шартноманинг 4-моддаси уруш ҳолатида томонлардан бирига ҳарбий ёрдам беришни назарда тутади.
Наманинг фикрича, Шимолий Корея АҚШнинг келгуси маъмурияти билан музокараларда Россия учун "айирбошлаш воситаси" вазифасини ўташи мумкин. У шундай тушунтирди: "Москва Пхенян билан яқин алоқаларидан фойдаланиб, худди илгари Пекин қилганидек, Вашингтонга таъсир ўтказиш имкониятларини қўлга киритишга интилади."