Бишкекда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашув чоғида Россия Президенти Владимир Путин Ереваннинг Европа Иттифоқига қўшилиш истагини муҳокама қилмоқчи.
Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
"Ҳар сафар энг юқори даражадаги алоқа муҳим. Президент, албатта, бу учрашувдан бизнинг далилларимизни такрорлаш учун фойдаланади", деди Песков журналистларга Путин ва Пашинян ўртасидаги бўлажак учрашув Арманистоннинг Россиядан узоқлашишини тўхтатишга ёрдам берадими деган саволга жавоб берар экан.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат келажаги ҳақидаги қарорни арманларнинг ўзлари қабул қилиши керак.
"Биз арманларнинг ўзларидан кўра кўпроқ арман бўла олмаймиз. Ва, албатта, арманларнинг ўзлари ўз тақдирларини ҳал қиладилар", деб таъкидлади Песков.
Унинг қўшимча қилишича, Россия Арманистонда мамлакатнинг келажакдаги йўналиши бўйича референдум ўтказишни таклиф қилмоқда. Песковнинг сўзларига кўра, шунга ўхшаш таклиф яқинда Остонада бўлиб ўтган саммитда қабул қилинган Евросиё иқтисодий иттифоқи давлат раҳбарларининг баёнотида ҳам мавжуд эди.
"Биз айнан шуни муҳокама қиламиз", деди Россия Президентининг матбуот котиби.