Россия раҳбарининг таъкидлашича, агар Украина Ғарбнинг узоқ масофали қуролларидан фойдаланишда давом этса, янги «Орешник» гипертовушли ракетаси пойтахтни нишонга олиши мумкин.
Путин Киевга «Орешник» ракета зарбалари берилишидан огоҳлантирди
Россия президенти Владимир Путин Россиянинг янги ўрта масофали «Орешник» ракетасини Украина пойтахти Киевга қарши ишлатиш билан таҳдид қилди.
«Биз Орешникдан ҳарбий, ҳарбий-саноат объектлари ёки қарор қабул қилиш марказларига, жумладан, Киевга қарши қўлланилишини истисно қилмаймиз», — деди Путин Қозоғистон пойтахти Остонадаги матбуот анжуманида.
Киев кучли ҳаво мудофаасига эга. Бироқ Путиннинг таъкидлашича, Россия ўтган ҳафта Украинанинг Днепр шаҳрида биринчи марта қўллаган «Орешник»ни ушлаб бўлмайди. Ғарб экспертлари бу даъвога шубҳа билан қарашди.
Путин, шунингдек, агар Киев ядровий қуролга эга бўлса, Россия Украинага қарши қўлидаги барча қуроллардан фойдаланишини айтди.