Россия Давлат думасида чет эл агентларига қарши янги таклифлар тайёрланди (Россияда Путин ва ҳозирги сиёсий тузумга қарши бўлган зиёлилар вакиллари чет эл агентлари деб аталади - таҳр.), деб маълум қилди қуйи палатанинг Россия ички ишларига чет давлатларнинг аралашуви ҳолатларини текшириш бўйича комиссияси раиси Василий Пискарев. Қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришларнинг мақсади, хусусан, "таълим тизимидан чет эл агентларини бутунлай чиқариб ташлашдир".
Қонун лойиҳалари ҳафта охиригача Думага киритилиши режалаштирилган, деди Пискарев.
Депутатларнинг таклифларидан бири - норозилар ва мухолифатчиларга маърифий ва таълим фаолиятини амалга оширишни бутунлай тақиқлашдир. Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, улар барча Россия фуқаролари, шу жумладан катталар учун маърузалар, тақдимотлар, семинарлар, маҳорат дарслари, давра суҳбатлари ва мунозаралар ўтказа олмайди, деб тушунтирди Пискарев.
Агар таълим ташкилоти хорижий агент деб тан олинса, унинг лицензиясининг амал қилиши тўхтатилади.