Бугун 13 апрель, 2021 йил, сешанба

O'ZB

Президентликка Шавкат Мирзиёевдан бошқа номзод борми?

Президентликка Шавкат Мирзиёевдан бошқа номзод борми?

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловлари ҳақида ўз фикрини билдирди. Бу ҳақда "gazeta.uz" ёзмоқда.

Унинг фикрича, ушбу сайловлар олдинги йилларда ўтказилган ислоҳотларга баҳо берувчи референдум бўлади.

«Шунинг учун ҳам улар жуда муҳим. Бошқа томондан, сайловлар умуман бошқа шароитда бўлиб ўтиши тушунарли: бугун бошқача Ўзбекистон, бошқача фуқаролик жамияти, бошқача оммавий ахборот воситалари, бошқача очиқлик даражаси. Тайёргарликларга ҳам, сайловларнинг ўтказилишига ҳам қатъий баҳо берилади», — деди сенатор.

Сенат раҳбарининг биринчи ўринбосари ҳокимият вакиллари олдида иккита вазифа турганини айтди.

«Биринчиси ва энг асосийси — халқ сайловлар ҳаққоний ва адолатли ўтганини, ўзи хоҳлаган номзод сайланганини кўриши керак. Иккинчиси ва Ўзбекистон имижи учун жуда муҳими — халқаро ҳамжамият, ЕХҲТ (Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти) ва бошқалар ушбу сайловларни ҳаққоний ва адолатли деб тан олиши. Бу максимал равишда бошқа даражадаги тайёргарликларни талаб қилади», — дея таъкидлади у.

Содиқ Сафоевнинг айтишича, ушбу сайловлар келгуси ислоҳотларга замин яратади.

«Очиқчасига айтишим мумкин, мен Шавкат Миромонович Мирзиёевдан бошқа номзод кўрмаяпман. Бу инсон ислоҳотларни бошлади, уларнинг локомотиви, ғоялар генератори. Менимча, унга кейинги муддатга янги мандат бериш Ўзбекистон келажаги учун ҳаётий аҳамиятга эга», — деб ҳисоблайди у.

Ўз навбатида, сенатор сайловлар муваффақиятли ўтиши учун альтернатив номзодлар ҳам бўлиши муҳимлигини таъкидлади.

«Йўқ. Албатта, бу ерда альтернатив сайловлар, альтернатив дастурлар бўлиши керак. Зиддиятларнинг бир сабаби — маълум классларнинг, тузилмаларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ижтимоий-сиёсий институт, сиёсий партиялар бугунги кунда етарлича ишламаяпти. Боз устига, шунчаки ишламаяпти, дейлик. Ахир айнан улар бугун блогерлар, фуқаролик жамияти, ижтимоий тармоқлар кўтараётган масалаларни кўтариб чиқиши керак. Айнан сиёсий партиялар аҳолининг турли қатламларининг манфаатларини ўзида акс этган сиёсий дастур ва лозунгларни илгари суришлари керак», — деб тушунтирди Содиқ Сафоев.

Сенат раисининг ўринбосари партияларнинг пассивлиги тўғрисидаги саволга жавоб бериб, «ҳеч ким президентчалик уларни ҳақиқий сиёсий партия бўлишга ундамаётганлигини» айтди.

«Улар учун барча шароитлар яратилган, уларнинг барча таклифлари амалга ошириляпти. Барчаси яна кадрларга, одамларга, уларнинг тайёргарлик даражасига бориб тақалади. Лекин аминманки, жараён кетмоқда. Бу бошқача сиёсий партиялар бўлади. Ислоҳотларни баҳолаш бўйича референдум дейдиган бўлсак, шуни тушуниш керакки, ушбу ислоҳотларни унчалик ёқтирмайдиган одамлар бор, улар турли хил сабабларга кўра ҳозир бизда кетаётган модернизация амалга ошишини хоҳлашмайди. Ушбу қарашни ҳам акс этадиган сиёсий партиялар бўлиши керак. Одамлар ушбу масалани кўтарган сиёсий партия номзоди учун овоз беришсин», — деди у.

Сенатор яна бир маротаба альтернатив дастурлар ва номзодларсиз «сайловлар тўлақонли, адолатли ва ҳаққоний деб баҳоланмаслигини» таъкидлади.

Содиқ Сафоев, шунингдек мустақил равишда президентлик ва депутатликка номзод кўрсатиш иложи йўқлигига ҳам изоҳ берди. У ҳозир қонунчиликда бу нарса ёзилмаганлигини тан олди, лекин мустақил равишда номзодни қўйишнинг иложи йўқлиги очиқ сайловларни ўтказишга тўсқин бўлмаслигини айтди.

«Йўқ, умуман. Сиёсий партиялар, агар улар ҳақиқий сиёсий партия бўлса, буларни ўзида мужассам қилиши мумкин. Биз бу ҳақда баҳслашишимиз мумкин, анжуман ўтказишимиз мумкин. Буни ёқлайдиган ва қарши кўп аргументлар бор… Мен бир нарсани айтишим мумкин, олдинда бир нечта конференциялар бор, ва ушбу мустақил номзодлар масаласи ҳам [кун тартибида] турибди», — деди сенатор.

Киритилди: 12:44 04.03.2021. Ўқилди: 11716 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!