Президентнинг янги Фармонига кўра, қийин аҳволда қолган болаларга давлат томонидан алоҳида ёрдам кўрсатилади.
Ушбу муҳим ҳужжат Ўзбекистондаги ҳар бир боланинг уйда, мактабда ва кўчада ўзини хавфсиз ҳис қилишига қаратилган. Фармон билан тасдиқланган дастур профилактикадан тортиб тўлиқ реабилитациягача бўлган ҳамма босқичларни қамраб олади.
Асосий ўзгаришлар:
2026 йил март ойидан бошлаб ота-оналар фарзандлари билан муносабатларини тиклаши, уларнинг эҳтиёжларини тушунишни ўрганиши учун "Меҳрли оила" дастури доирасида "оилавий терапия" хизматларидан бепул фойдаланишлари мумкин.
Хавф остида бўлган болалар таълим муассасаларига имтиҳон ва тест синовларисиз киришлари мумкин бўлади. Улар учун 5 фоизлик махсус квота ажратилади.
Ягона электрон платформа ишга туширилади. Унда ҳимояга муҳтож болалар ва зўравонликка моил шахслар ҳақида маълумотлар тўпланади. Бу тегишли идораларнинг ҳар бир ҳолатга дарҳол жавоб қайтаришига ёрдам беради.
Ушбу чоралар айбдорларни шунчаки жазолаш эмас, балки ҳар бир бола қонун, оила ва технологиялар билан ҳимояланган муҳитни яратишга хизмат қилади.