Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон президентининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги нутқининг лингвистик таҳлили натижаларини эълон қилди.
2024 йил 20 ноябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон бош вазири лавозимига номзодни кўриб чиқишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги нутқида жами 3318 та сўз ишлатган. Энг узун сўзлар 23 ҳарфдан иборат бўлиб, бу сиёсий ва иқтисодий мавзуларга хос мураккаб атамалар мавжудлигини кўрсатади. Шу билан бирга нутқда қўлланилган сўзлар ўртача 7 та ҳарфдан иборат бўлган.
Нутқ матнидан сўзлар булути ҳосил қилинди ва бу нутқдаги энг муҳим мавзуларни тасаввур қилиш имконини яратади ҳамда Ўзбекистондаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
Президент нутқининг лингвистик таҳлилида асосий калит сўзлар, "ҳукумат" сўзи 29 марта, “аҳоли” ва “давлат” сўзлари 18 марта, “раҳбар” сўзи 16 марта, “қонун” ва “дастур” сўзлари 15 марта, “иқтисодиёт” сўзи 14 марта ва “тизим” сўзи 13 марта ишлатилган.
“Мамлакат” ва “депутат” сўзлари 9 марта қўлланган бўлса, “Ўзбекистон”, “халқимиз”, “хизмат” ва “сифат”, “парламент” сўзлари 8 марта, “инвестиция” ва “имконият”, “вазирлик” сўзлари 7 марта, “энергия”, “таълим” ва “ёшлар” сўзлари 6 марта тилга олинган.
Икки сўзли ибораларни таҳлил қилиб, шуни таъкидлаш мумкинки, “Вазирлар маҳкамаси” ибораси 6 марта, “Марказий Осиё”, “бош вазир” иборалари 5 марта, “янги ҳукумат” ибораси 4 марта қўлланилган. “Янги Ўзбекистон”, “ташқи сиёсат”, “камбағалликни қисқартириш” иборалари эса 3 марта тилга олинган.
Уч сўздан ташкил топган иборалардан “келгуси беш йил” ибораcи 5 марта, “ялпи ички маҳсулот” ибораcи 3 марта, “парламент ва ҳукумат”, “ижро этувчи ҳокимият”, “жон бошига даромад” ва “сув тежайдиган технология” иборалари 2 марта тилга олинган.
Шундай қилиб, таҳлилда давлат сиёсатининг бошқарув, иқтисод ва ижтимоий масалалар каби энг муҳим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилган.