Бетакрор айём – Наврўзумумхалқ байрамини муносиб нишонлаш доирасида Тошкент шаҳрида “MAKON FEST-2024” III миллий санъат ва анъаналар фестивали ташкил этилмоқда.
Мазкур йирик тадбир Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш агентлиги, “Макон” фестиваллар уюшмаси ҳамда қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигида 20-24 март кунлари Миллий Боғ ҳудудидаги очиқ майдонда ўтказилади.
Мамлакатимиз фольклори бойлиги, бебаҳо санъати ва гастрономия ранг-баранглигини ёрқин акс эттирувчи қизиқарли дастурларга бой бўлиши кутилаётган тадбир учун миллий мерос ва ватанпарварлик атрофида бирлашиш ғоясини акс эттирувчи “Биз бир Макон – биз Ўзбекистон” шиори танланди.
Фестиваль маҳаллий аҳоли, шунингдек Италия, AҚШ, Хитой, Россия, Франция, Швейцария, Япония, Буюк Британия, Исроил, Испания, Греция, Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлардан меҳмонлар, сайёҳларни чорлайди.
Меҳмонлар беш кунлик дастурда, жумладан, сараланган миллий ва замонавий мусиқа танглаши, рақс гуруҳлари чиқишини томоша қилиши, анъанавий халқ байрамлари кўринишлари ва қизиқарли ўйинлардан баҳраманд бўлишади.
Моҳир ҳунармандларнинг маҳорат сабоғи, анъаналаримиз ранг-баранглигини намойиш этадиган турли халқ ўйинларидан иборат шарқона кўргазма анжуман мазмунини янада бойитади.
Гиннес рекордлари қаторидан ўрин олишга даъвогар 10 тоннали мега-сумалак пиширилиши жараёни асосий тадбирлардан бирига айланади.
Миллий кураш, ўқ отиш ва бошқа турли халқ ўйинлари намойиши спорт ва жисмоний баркамоллик руҳини мужассам этади.
Майдонда беқиёс маҳорат ва жасорат намоён этиб, томошабинларни цирк санъати оламига етакловчи дорбозлар чиқишига алоҳида эътибор қаратилади. Анъанавий маданият фестивали қизиқарли гала-концерт билан якунланади.
Бир сўз билан айтганда, “Makon fest-2024” Ўзбекистон маънавий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бирига сифатида миллий туризм ва маданиятимиз тарихида яна бир ёрқин саҳифа очиши иши шубҳасиз.