Туркия ва Хитой Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларида АҚШ ўрнини эгаллаши мумкин. Бу ҳақда Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Варшавада бўлиб ўтган ЕИ ташқи ишлар вазирларининг норасмий йиғилиши якунлари бўйича маълум қилди.
"АҚШ иштирокидаги бу [музокаралар] йўли муваффақиятсизликка учраса, бошқа номзодлар ҳам бор. Туркия бор — у алоқаларни сақлаб турибди. Ва, энг аввало, Хитой бор", — деди Сикорский Европа Иттифоқи ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида. Унинг сўзлари ЕИ телерадио хизмати орқали жонли эфирда узатилди.
Бунгача турк нашри Hürriyet хабар беришича, АҚШ президенти Дональд Трамп яқинда Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўған билан телефон орқали суҳбат чоғида уни Украинадаги можарони ҳал этишда воситачи сифатида иштирок этишга чақирган. Шунингдек, Трамп 8 май куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда Хитойдан ҳам Москва ва Киевнинг музокара позицияларидаги фарқни бартараф этишда ёрдам сўраши мумкинлигини айтган.