Польша Президенти Кароль Навроцкий украиналик қочқинларни қўллаб-қувватлаш бўйича барча воситаларни чет элликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги умумий қонунга ўтказувчи қонунни имзолади.
Бу ҳақда Польша Президентининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган тегишли баёнотда айтилган.
Янги қонунга кўра, фавқулодда ёрдам бекор қилинмоқда ва тизимли қоидалар жорий этилмоқда. “Қўллаб-қувватлаш – ҳа. Поляклар ҳисобидан имтиёзлар – йўқ”, дейилади ҳужжатда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда қабул қилинган украиналиклар учун махсус ёрдам тўғрисидаги қонун Украинадан келган қочқинлар учун яшаш, иш, имтиёзлардан фойдаланиш ва таълим олиш қоидаларини соддалаштирувчи алоҳида ҳуқуқий асосни жорий этди. Янги қонун ушбу тизимни босқичма-босқич бекор қилади ва асосий қўллаб-қувватлаш воситалари чет элликларни ҳимоя қилиш бўйича умумий қоидаларга киритилади. Хусусан, имтиёзлар Польшада иш билан таъминлаш ва болаларнинг мактабга бориши билан боғлиқ бўлади.
Уларнинг Польшада қолишини қонунийлаштириш учун украиналик қочқинларга уч йиллик яшаш рухсатномаси таклиф этилади. Имзоланган ҳужжат, шунингдек, урушдан қочган Украина фуқаролари учун Польшада қонуний қолиш муддатини 2027 йил 4 мартгача узайтиради. Қонунга киритилган муҳим ўзгаришлардан бири Полшага киргандан кейин 30 кун ичида PESEL идентификация рақамига ариза бериш талабидир.