Европа Иттифоқи илк бор Черногория, Украина, Молдова ва Албаниянинг ташкилотга аъзо бўлиши бўйича музокаралардаги асосий босқичларни якунлаш учун мақсадли муддатлар белгилаши мумкин.
Бу ҳақда Politico Европа комиссиясининг икки нафар юқори мартабали амалдорига таяниб хабар берди. Нашр маълумотига кўра, Брюссель ЕИга аъзо бўлиш йўлида энг илғор номзодлар учун босқичма-босқич "йўл хариталари" ишлаб чиқмоқда.
Ушбу "йўл хариталари" ҳар бир номзод давлат олдига қўйиладиган талабларни аниқроқ белгилаб беради. Шунингдек, улар ЕИга аъзо давлатлардан жараённинг кейинги босқичларига ўтиш бўйича келишувга эришишни талаб қилади.
Politico маълумотига кўра, ислоҳотлар давом эттирилса, номзод давлатлар биринчи марта аъзолик бўйича янада аниқ кафолатларга эга бўлиши мумкин. Шу билан бирга, музокараларни якунлаш учун тахминий муддатлар ҳам белгиланиши режалаштирилмоқда.
Айни пайтда ЕИга қўшилиш жараёни расман ислоҳотлар натижаларига асосланади. Масалан, Украина ва Молдова 2026 йилда музокараларнинг бир нечта кластерларини очди, Черногория эса қатор бобларни вақтинча ёпди.