Германиянинг Покистондаги элчихонаси Федерал разведка хизматида ишлаган ходими Исломободдаги хонадонида ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар тарқатди.
Немис дипломати Покистонда ғойиб бўлди ва икки кундан кейин элчихона ходимлари уни Исломободдаги уйида жонсиз ётгани устидан чиқишди. Манбага кўра, Томас Б. элчихонада ишлаган, лекин Ташқи ишлар вазирлиги эмас, балки Федерал разведка тизими ходими ҳисобланган.
У шаҳарнинг кўплаб дипломатлар хонадонлари жойлашган, алоҳида қўриқланадиган ҳудудда яшаган. Фожиага марҳумнинг юраги билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Томас Б. элчихона маслаҳатчиси сифатида 3,5 йилдан буён фаолият олиб бораётган эди.
– Афсуски, ҳамкасбимизнинг ўлимини тасдиқлашга мажбурмиз, – дейилган Германия ТИВ баёнотида.