Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Пекин бир ойдан ортиқ давом этган шиддатли қуролли тўқнашувлардан сўнг томонлар ўртасида барқарор ўт очишни тўхтатиш режимини ўрнатишга ҳаракат қилмоқда, дея хабар беради агентлик Покистон расмийларига таяниб.
Икки мамлакат вакиллари Хитойнинг Урумчи шаҳрида музокаралар ўтказмоқда. Бу ҳақда Associated Press'га исмини ошкор қилмаслик шарти билан маълумот берган покистонлик мулозимлар ҳозирча матбуотга расмий баёнот бериш ваколатига эга эмаслигини билдирди.
Хитой томони ушбу учрашув юзасидан ҳозирча изоҳ бермади. Покистондаги манбаларнинг таъкидлашича, музокаралар бир неча кун давом этиши кутилмоқда.
Покистон Афғонистонни ўз ҳудудида терактлар уюштирадиган жангариларга, хусусан, “Таҳрики Толибон Покистон”га бошпана беришда айблаб келади. Кобул эса бу айбловларни рад этади.
Феврал ойи охирида бошланган тўқнашувлар сўнгги ўн йилликлардаги энг шиддатлиси бўлди. Покистон Афғонистон билан “очиқ уруш” ҳолатида эканини эълон қилган. Можаро давомида чегараолди тўқнашувлари ва Афғонистон ҳудудига, жумладан Кобулга ҳаводан зарбалар берилди.