Бугун 18 ноябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Пит Хегсет ўзига танбеҳ берган қоровулни медаль билан тақдирлади

Пит Хегсет ўзига танбеҳ берган қоровулни медаль билан тақдирлади

АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет номаълум аскар қабри ёнида Пентагон раҳбарига баланд овозда танбеҳ берган 3-пиёда полкининг оддий аскари Томас Иглесиасга медаль топширди.

Вазир бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзди.

Хегсет тақдирлаш маросими акс этган суратни эълон қилди.

«Биз аскарларни яхши кўрамиз. Биз интизом ва белгиланган қоидаларни ҳурмат қиламиз. Жуда яхши ишладингиз, аскар. Шу руҳда давом этинг, ватанпарварлар», — дейилади хабарда.

Арлингтон миллий қабристонида жойлашган Номаълум аскар қабри АҚШдаги энг эъзозли ҳарбий ёдгорликлардан бири ҳисобланади. У урушларда ҳалок бўлган ва шахси аниқланмаган ҳарбий хизматчилар хотирасига бағишланган.

Дастлаб мармар плита остига Биринчи жаҳон уруши даврида ҳалок бўлган, жасади Франциядан топилган шахси номаълум америкалик аскар дафн этилган. Кейинчалик асосий саркофаг ёнида Иккинчи жаҳон уруши, Корея ва Вьетнам урушларида ҳалок бўлган номаълум аскарлар қабри учун яна учта плита ўрнатилган. Ёдгорликни фахрий қоровул кеча-ю кундуз қўриқлайди.

The Hill нашри аниқлик киритишича, гап «Қўшма Қуролли кучлар хизмати учун хизматлари» медали (Joint Service Commendation Medal) ҳақида бормоқда. Ушбу мукофот 1963 йилда таъсис этилган бўлиб, ҳарбий хизмат давомида «алоҳида хизматлари ёки ютуқлари учун» топширилади.

Аввалроқ, Ветеранлар куни муносабати билан ўтказилган маросим чоғида қоровул Хегсет ва унинг ҳамроҳларига ёдгорлик ёнида кулиб, баланд овозда гаплашгани учун танбеҳ берган эди.

«Барча ташриф буюрувчилар ҳар қандай вақтда сукунат ва ҳурмат муҳитини сақлашлари шарт!» — деб бақирган эди у.

Кейинчалик Пентагон матбуот котиби Шон Парнелл аскарнинг ҳаракатлари мутлақо тўғри бўлганини тан олди.

Киритилди: 11:10 13.11.2026. Ўқилди: 740 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар