Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ Украинага Россия инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатиш учун босим ўтказишга тайёрми ёки йўқми, деган саволга Оқ уй жавоб бериши кераклигини билдирди.
«Бу саволни Оқ уйга бериш керак. Биз Киев режими ҳозирча тинчлик жараёнига мойил эмаслигини кўрмоқдамиз», — деди Песков.
Шу билан бирга, у инфратузилмага ҳужумлар давом этаётган шароитда Россия музокаралардан воз кечадими, деган саволга тўғридан-тўғри жавоб бермади.
Песковнинг таъкидлашича, Россия ўз мақсадларига сиёсий ва дипломатик музокаралар орқали эришишга тайёрлигини сақлаб қолмоқда. Унинг айтишича, агар Киев бунга тайёр бўлмаса, Россия «махсус ҳарбий операция»ни давом эттиради.
Шунингдек, у Украина можарони кескинлаштиришда давом этар экан, Россия «кенгроқ хавфсизлик зонаси»ни яратиш бўйича чораларни ҳам давом эттиришини билдирди.