Бугун 8 июнь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Пашинян партияси: сайлов қонунбузарликлари учун 200 киши ҳибсга олинди

Пашинян партияси: сайлов қонунбузарликлари учун 200 киши ҳибсга олинди

Арманистонда парламент сайловлари арафасидаги «сукут куни» давомида сайлов қонунчилигини бузганликда гумон қилинган 200 нафарга яқин шахс ҳибсга олинди. Бу ҳақда Бош вазир Никол Пашиняннинг ҳукмрон «Фуқаролик шартномаси» партияси сайлов штаби раҳбари Араик Арутюнян маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сукут куни мобайнида қайд этилган қонунбузарликлар юзасидан бир қатор текширувлар бошланган.

«Сукут куни давомида қонунбузарликларга оид бир нечта жараёнларни бошладик, ўнлаб ёзувлар эълон қилинди ва сайлов қонунчилиги бузилгани муносабати билан ўнлаб ишлар қўзғатилди», — деди Арутюнян.

Шу билан бирга, маҳаллий оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар «Кучли Арманистон» мухолифат блоки офисида тинтув ўтказиб, уч нафар шахсни ҳибсга олган.

Мухолифат вакиллари адвокатларнинг офисга киришига тўсқинлик қилинаётганини билдирмоқда.

«Бундай куч ишлатиш ҳаракатларининг мақсади штабимиз фаолиятига халал беришдир», — дейилади блок баёнотида.

Парламент сайловларида овоз бериш маҳаллий вақт билан соат 20:00 да якунланган. Соат 17:00 ҳолатига кўра сайловчиларнинг иштирок даражаси 48,9 фоизни ташкил этган.

Бу галги сайловларда парламент ўринлари учун жами 18 сиёсий куч — 16 та партия ва икки сайлов блоки курашмоқда. Улар орасида 2018 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган Бош вазир Никол Пашинян раҳбарлигидаги «Фуқаролик шартномаси» партияси ҳам бор.

Киритилди: 22:21 07.06.2026. Ўқилди: 240 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!