Куни кеча АҚШда парранда гриппидан илк бемор ўлими кузатилиши турли хавотирларга сабаб бўлди. Ушбу воқеадан бир кун ўтиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хулосаси эълон қилинди.
Унда қайд этилишича, H5N1 вирусига чалинаётганларнинг аксарияти қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларидир. Хусусан, Луизиана штатида парранда гриппидан вафот этган бемор ҳам уй ҳайвонлари ҳамда ёввойи қушлар парвариши билан шуғулланган.
У кекса ёшда бўлиб, баъзи ёндош касалликлардан азият чекиб келган.
ЖССТ вакили Маргарет Харрис Женевада ўтказилган матбуот анжуманида ушбу вирус ҳақида тўхталар экан, унинг эпидемияга айланиш хавфини паст, деб баҳолади.
Шунга қарамай, касаллик ўчоқлари аниқланган ҳудудларда, асосан чорвачилик билан шуғулланувчилар ўртасида эҳтиёт чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, парранда гриппининг инсонларга юқиши билан боғлиқ ҳолатлар Австралия, Канада, Хитой, Камбоджа ва Вьетнамда ҳам рўйхатга олинган.