Парагвайда йирик банкнинг фаолияти тўхтатилиши мамлакатда оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Пойтахт Асунсьонда юзлаб омонатчилар ўз маблағларини қайтариш талаби билан намойишларга чиқмоқда.
Инқирозга қарийб 3 миллион мижозга эга Ueno Bank рақамли банкининг молиявий муаммолари сабаб бўлган. Парагвай Марказий банки 3 ноябрь куни муассаса фаолиятини тўхтатиб, уни назоратга олди.
Шундан сўнг мижозлар ҳисобрақамларидаги пуллардан фойдаланиш имкониятини йўқотди. Банк филиаллари олдида узун навбатлар пайдо бўлиб, омонатчилар икки кун давомида ўз маблағларини қайтаришни талаб қилди.
Молиявий инқироз сиёсий тус ҳам олди. Намойишчилар президент Сантьяго Пеньянинг истеъфосини талаб қилмоқда. Мухолифатнинг 35 нафар депутати эса давлат раҳбарига нисбатан импичмент жараёнини бошлаш ташаббусини илгари сурди.
Парагвай Марказий банки вазиятни назоратга олиш ва омонатчилар маблағларини қайтариш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.