Жорий йилнинг 30 август куни Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонасида мамлакат Ғалаба байрамининг 102 йиллиги тантанали нишонланди.
Тадбирни Туркиянинг юртимиздаги элчиси Олган Бекар ва Элчихонанинг Ҳарбий Атташеси полковник Метин Кая ўз нутқлари билан очиб берди. Олган Бекар йиғилганларга Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг табригини ўқиб эшиттирди.
«Бу ғалаба турк халқи ҳеч қачон бошқаларга қарам бўлмаслигини яна бир бор исботлади. Шаҳидларимизнинг қаҳрамонлиги, фахрийларимизнинг қони, халқимизнинг фидойилиги эвазига қўлга киритилган Буюк Ғалаба бугун ҳам биз учун қўлланма бўлиб келмоқда»,
дейилади табрикда.
Туркия Президенти, шунингдек, Туркия доим ҳеч қандай манфаатларсиз мазлумлар томонида бўлишини алоҳида таъкидлаган.
Табрикдан сўнг меҳмонлар учун зиёфат дастурхони ёзилди.
Маълумот учун, Ғалаба куни (Турк Қуролли Кучлари куни) - 1922 йил 30 августда юнон-турк урушидаги сўнгги жанг бўлган Думлупинар жангидаги ҳал қилувчи ғалабага бағишланади. Жангдан кейин юнонларнинг Анадолудаги ҳукмронлиги тугади. Ғалаба куни 1926 йилдан буён расмий байрам сифатида нишонланиб келмоқда. Биринчи марта 1923 йил 30 августда нишонланган.