Бугун 22 декабрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Озарбайжонда Қўқон давлат педагогика институти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

Озарбайжонда Қўқон давлат педагогика институти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

16 июнь куни Озарбайжон миллий фанлар академияси (ОМФА) Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтида Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институти (Ўзбекистон) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

ОМФА президенти, академик Исо Ҳабиббели тадбирда сўзлаган нутқида халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталари минг йилларга бориб тақалаётганини, кейинги йилларда эса Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўртасидаги дўстона муносабатларни алоҳида таъкидлади. Бу муносабатлар Шавкат Мирзиёев даврида энг юқори чўққига чиққанини қайд этди. Академик бугунги кунда Ўзбекистон туркий дунё билан интеграция йўлида катта қадамлар ташлаётганини, туркий тилли давлатлар билан барча соҳаларда яқин ҳамкорлик йўлга қўйганини таъкидлади.

Академик Исо Ҳабиббейли Озарбайжон миллий фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси ўртасида илмий ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланганини эслатиб, бугунги кунда ОМФА илмий муассасалари Ўзбекистоннинг кўплаб тегишли ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келаётганини қўшимча қилди.

ОМФА президенти ўзи раҳбарлик қилаётган Адабиёт институти билан Ўзбекистондаги фан ва таълим муассасалари ўртасида кенг алоқалар ўрнатилганини таъкидлаб, 2014 йилдан буён институтда ҳар йили буюк ўзбек шоири Алишер Навоийга бағишланган анжуманлар ўтказиб келинаётганини таъкидлади. Адабиёт фани, институт ходимлари вақти-вақти билан Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган тегишли конференцияларда қатнашиб келади. Академик Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов ташаббуси билан бу йил илк бор Боку шаҳрида “Алишер Навоий ва ХХI аср” конференцияси бошланганини алоҳида таъкидлади.

“Ўтган йилларда Адабиёт институтида Муҳаммад Бобур, Мақсуд Шайхзода, Ғафур Ғуломга бағишланган илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди, анжуманлар ўтказилди. “Қиёсий адабиётшунослик” журналининг сонларидан бири бутунлай Ўзбекистонга бағишланди. Адабиёт институтида Алишер Навоий номидаги марказ, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Муҳаммад Фузулий номидаги марказ фаолият кўрсатмоқда", деди академик Исо Ҳабиббайли.

Адабиёт институтида ўзбек адабиёти бўйича диссертациялар устида изланиш ва ишлар давом этаётганини таъкидлаган ОМФА раҳбари меҳмонларни яна бир бор самимий қутлади.

Ўз навбатида Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институти ректори, профессор Дилноза Ходжаева Фанлар академияси раҳбариятига меҳмондўстлиги учун миннатдорчилик билдирди. У мамлакатларимиз ўртасида тарихан ўрнатилган дўстона, қардошлик муносабатлари ҳақида гапириб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий изланишлар олиб боришдан ҳам манфаатдор эканлигини билдирди.

Учрашувда Адабиёт институтининг Озарбайжон-туркман-ўзбек адабий алоқалари бўлими мудири, филология фанлари доктори Алмаз Улви Биннатова, филология фанлари доктори Яшар Гасимбейли, Қўқон давлат педагогика институти халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Нигора Қодирова, профессорлар Нигор Эркабоева ва Дилноза Жамолиддиновалар ҳам сўзга чиқиб, учрашувнинг аҳамиятини таъкидлаб, ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Сўнгра академик Исо Ҳабиббайли ва филология фанлари доктори Алмаз Улви Биннатоваларга Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институти фахрий профессори дипломлари топширилди. Олимларга дипломларни институт ректори, профессор Дилноза Ходжаева топширди.

Якунда совғалар алмашилди ва эсдалик учун суратга тушишди.

Киритилди: 16:20 19.06.2023. Ўқилди: 2021 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!