Озарбайжон Миллий Мажлиси (парламент) Европа парламенти билан барча йўналишлар бўйича ҳамкорликни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Тегишли қарор ялпи мажлисда қабул қилинди.
Мамлакат парламенти “Евронест” Парламент ассамблеясидаги аъзолигини тугатиш жараёнини бошлади. Шу фонда Озарбайжон депутатлари ҳам Европа Иттифоқи-Озарбайжон парламент ҳамкорлик қўмитаси ишида иштирок этишни тўхтатади.
Парламент спикери Саҳиба Гафарованинг сўзларига кўра, Европарламентнинг “Озарбайжонга қарши фаолияти” бундай қатъий қадамнинг сабаби бўлди. Бокунинг таъкидлашича, Брюссел ўнлаб йиллар давомида икки томонлама стандартларни намойиш этиб келмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, ҳамкорлик платформалари (Парламент ҳамкорлик қўмитаси ва “Евронест”) Европа Иттифоқи томонидан “босим, шантаж ва ички ишларга қўпол аралашиш воситаси”га айланди.
Спикер Соҳиба Гафарова муносабатлар 2015 йилда тўхтатилгани ва фақат 2016 йилда Брюсселнинг ваъдаларидан кейин тикланганлигини эслатди. Бироқ, вақт кўрсатганидек, Европа парламенти нохолис ёндашувдан воз кечиш ниятида эмас.
Ҳужжатни тайёрлаш учун вице-спикер Зияфет Аскеров бошчилигидаги махсус комиссия ташкил этилди. Қарорнинг ўзи, Озарбайжон томонининг фикрича, тизимли босим кампаниясига жавобан қабул қилинди. Бундан буён барча икки томонлама алоқалар тўхтатилди ва Озарбайжон аъзо мақомига эга бўлган “Евронест” ассамблеясида иштирок этиш процессуал нормаларга мувофиқ тўхтатилди. Якуний тарк этишга қадар мамлакат Миллий Мажлиси делегацияси ушбу тузилма тадбирларида қатнашмайди.