Озарбайжон Республикасининг Эрон Ислом Республикасидаги элчихонаси 12 апрелдан бошлаб иш фаолиятини қайта тиклади, деб хабар берди мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги.
Вазирлик маълумотларига кўра, дастлабки босқичда элчихона чекланган ходимлар билан ишлайди. Унга элчи, шунингдек, бир қатор дипломатик ва маъмурий ходимлар киради.
“Хавфсизлик масалалари ва ташкилий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, элчихона фаолияти босқичма-босқич тартибга солинади”, – дейилади ТИВ баёнотида.
Шунингдек, дипломатик ваколатхона ишининг қайта тикланиши Эронда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганидан ва икки ҳафталик сулҳ эълон қилинганидан кейин амалга оширилгани таъкидланди. Бу қадам Озарбайжоннинг қўшни ва дўстона Эрон билан муносабатларга алоҳида аҳамият беришини кўрсатади.
Ташқи ишлар вазирлиги яна бир бор минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, минтақадаги кескинлик туфайли Озарбайжон илгари Теҳрон ва Табриз шаҳарларидаги дипломатик ваколатхоналар ходимларини эвакуация қилишга қарор қилган эди.
Кейинчалик томонлар давлат чегараси орқали юк ташишни қайта тикладилар.