Америка Мудофаа вазири Ллойд Остин туркиялик ҳамкасби Яшар Гюлер билан телефон суҳбатида Суриядаги "Исломий давлат" террор гуруҳига қарши курашда яқиндан мувофиқлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер баёнотида маълум қилинган.
Унинг сўзларига кўра, ҳарбий идоралар раҳбарлари “Суриядаги ҳозирги вазият” ҳақида гапирган. Остиннинг таъкидлашича, яқин ва доимий мувофиқлаштириш ИШИД устидан ғалаба қозониш миссиясида муваффақият қозониш учун муҳим аҳамиятга эга. Вазирлар, шунингдек, “Сурияда хавфсизлик ва барқарорликни ошириш учун шарт-шароитлар яратиш муҳимлигини муҳокама қилдилар”.
Туркия армияси аввалроқ Гюлер ва Остин "икки томонлама муносабатлар ҳамда минтақавий мудофаа ва хавфсизлик масалалари, айниқса Суриядаги" масалаларни муҳокама қилганини айтган. 8 декабрь куни бўлиб ўтган телефон суҳбатида Остин ва Гюлер Араб Республикасидаги вазиятни янада кескинлаштирмаслик, шунингдек, АҚШ кучлари ва уларнинг ҳамкорлари учун хавф туғдирмаслик зарурлигини таъкидладилар, дейилади Пентагон баёнотида.