Бугун, 28 январь куни эрталаб Осиё технология компанияларининг акциялари ва етакчи индекслар пасайишни давом эттирди. Бу пасайиш кеча Хитойнинг DeepSeek компанияси томонидан сунъий интеллектнинг янги модели ишга туширилгани ҳақидаги хабарлар фонида бошланган эди, деб хабар бермоқда Financial Times.
Нашр маълумотларига кўра, энг аввало япон компаниялари зарар кўрган. Кўп сонли технология компанияларини ўз ичига олган Токиодаги Никкеи индекси савдолар бошланишида 1,7 фоизга тушди. СофтБанк акциялари 5,2 фоиздан кўпроққа пасайди. Икки кун ичида компания акциялари 12 фоизга қулади.
Токиода микропроцессорлар ишлаб чиқарувчилари ва сунъий интеллект учун маълумот марказларини яратувчи "Disco," "Advantest" ва "Furukawa Electric" компанияларининг акциялари ҳам тушиб кетди. DeepSeek чат-боти ҳақидаги кечаги янгиликлардан сўнг "Disco" акциялари 3,2 фоиз, "Furukawa" эса 8 фоиз йўқотди. "Advantest" акциялари Токиодаги савдолар бошланишида 10 фоизга қулади.
Шу билан бирга, Гонконгда Хитой технология компанияларининг акциялари ўсиб бормоқда. Бундан фақат СМИC чип ишлаб чиқарувчиси мустасно бўлиб, унинг акциялари 0,4 фоиз пасайиш билан ёпилди.
Ой тақвими бўйича Янги йил байрами муносабати билан Жанубий Корея ва Тайван бозорлари ёпилган.