Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфидаги “Оролқум” миллий табиат боғи ҳудудида ўрнатилган фотоқопқонга ноёб ҳайвонлардан бири — сайғоқлар муҳрланди.
Сайғоқ — Қизил китобга ҳамда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCH) Қизил рўйхатига киритилган, йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвон ҳисобланади.
У, асосан, Қорақалпоғистондаги Устюрт платосида, Шарқий ва Жанубий Қорақалпоғистон ҳудудларида ҳамда Орол денгизи тубида учрайди.
2016 йилда чегара ҳудудлардаги устюрт популяцияси сони 1 900 бошни ташкил этган. Ҳозирда эса Қорақалпоғистоннинг Оролбўйи минтақаси ва Орол тубида яшовчи гуруҳлар сони тахминан 200 бошни ташкил қилади.
Маълумот учун, “Оролқум” миллий табиат боғи 2022 йил 4 март куни Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида ташкил этилган. Боғ ҳудудида 25 турдаги ҳайвонот дунёси вакиллари яшайди, улардан 4 тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.