Халқаро Орол туризми ҳафталиги доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ўз фаолиятини минтақани тиклаш ва барқарор ривожлантириш муаммоларига бағишлаган етакчи мутахассис ва олимларни жамлаган “Оролбўйи эзгу ният элчилари” халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда бир қатор хорижлик мутахассислар Орол денгизининг экологик вазиятини яхшилаш борасидаги маъруза ва тадқиқот ишларини тақдим этишди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Ижтимоий-гуманитар фанлар” бўлими раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Нодира Мустафоева Орол денгизи фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳаракатлар 2017 йилдан сезиларли даражада кучайганини айтиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, 2017 йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Aссамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, Орол денгизи фожиасини харита ёрдамида кўрсатиб берди ва денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этаётганини таъкидлади.
Нодира Мустафоева, шунингдек, 2018 йилда Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган тадбирни ҳам алоҳида қайд этди. Бундан ташқари, бошқа бир қанча тадбирлар, хусусан, 2023 йилнинг 13–17 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенсияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси (CRIC 21), 2025 йилнинг 4–5 апрель кунлари ўтказилган Самарқанд Иқлим Форуми ва бошқа халқаро тадбирларда Орол муаммоси кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланди.
Конференцияда "Green University"нинг экология ва иқлим ўзгариши бўйича ўқитувчиси ҳамда илмий ходим Aнна-Шарлотта Маркомбе "Aтроф-муҳитни бошқариш бўйича таълим" тадқиқот ишини намойиш қилди. Унда Орол денгизи мисолида олиб борилган тадқиқот талабалар учун атроф-муҳитга етказилган зарарни амалда қандай ҳал қилишни тушунишга қандай ёрдам беришига эътибор қаратилди. Натижада талабалар Орол муаммоси борасида "зарар етказилишининг сабаблари", "иқтисодий жиҳатлар", "атроф-муҳитга таъсир" ва "соғлиқ билан боғлиқ муаммолар" борасидаги мавзуларни яхши ўзлаштиргани маълум бўлди.
Мазкур тадқиқот иши экологик муаммоларни ва уларнинг сабабларини чуқур ўрганиш, бевосита ва билвосита оқибатларни аниқлаш, кўп томонли ёндашувни қўллаш, барча манфаатдор томонларни рўйхатга киритиш, турли нуқтаи назарлар ва манфаатларни белгилаб олиш, мавжуд анъанавий ва фалсафий фикрлашдан воз кечиш, жорий лойиҳаларни таҳлил қилиш, келажак учун барқарор муҳокамани йўлга қўйиш, талабаларнинг Орол денгизи келажаги ҳақида қандай тасаввурда эканлигини аниқлашга имкон беради.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда "Green University"да талабаларга айнан хорижлик мутахассислар томонидан ҳам таълим берилмоқда ва бу ёшларнинг екология борасида билимлари янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон Республикаси Табиий фанлар институти катта илмий ходими Гулара Матекова Жанубий Оролбўйи ҳудудидаги Судочье кўли орнитофаунасига эътибор қаратди.
Маълумот учун, Судочье кўли ноёб қуш турларининг кўпчилиги мавжуд бўлганлиги боис 2007 йилдаёқ Ўзбекистоннинг муҳим орнитологик ҳудудлари (IBA) рўйхатига киритилган. Ҳудуд орнитофаунасида қушларнинг 240 тури мавжуд бўлиб, уларнинг 117 тури шу жойда уя қуради. Бу ерда пушти сақоқуш, жингалак сақоқуш, кичик қоравой, кичик оқ қарқара, сариқ қарқара, қошиқбурун, фламинго, вишилдоқ оққуш, бақироқ оққуш, чинқироқ ғоз, қизилтомоқ казарка, мармар чуррак, оқкўз, оқбош ўрдак, сувқийғир, оқ думли сувбургут, узундумли сувбургут, қора тасқара, дашт бўктаргиси, бургут, чўл жиқтоғи, қорабошли балиқчи каби Ўзбекистон Қизил китоби ва ТМХИ Қизил рўйхатига киритилган ноёб ва йўқолиб бораётган қушларни учратиш мумкин.
Мутахассис Судочье кўллар тизими Aмударё дельтасининг энг яхши ҳолда сақланиб қолган экологик зоналардан бири бўлиб, ўз жойлашув ўрнига кўра биологик хилма-хилликни сақлаш ва қўллаб-қувватлашда асосий ўринни эгаллашини таъкидлади.