Венгрия бош вазири Россия ва Хитой етакчилари 2024 йил охиригача Россия ва Украина ўртасида тинчлик музокаралари ўтказилишини кутаётганлигини маълум қилди — El Pais.
Виктор Орбан июл ойи бошида Россия ва Хитойга амалга оширган ташрифлари ҳақида Европа Иттифоқига ҳисобот берди. Бу ҳақда испан нашри Венгрия бош вазири Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел ва ЕИ давлатлари раҳбарларига йўллаган махфий хабарларга таяниб ёзмоқда.
"Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Жинпин Россия ва Украина ўртасида тинчлик музокаралари йил охиригача бўлиб ўтишини тахмин қилишмоқда. Ўт очишни тўхтатиш бўйича барча мумкин бўлган таклифлар ва тинчлик музокаралари бўйича йўл харитаси ижобий қабул қилинишига катта имконият борлигига ишонаман", — дея тушунтиради Орбан ўз ҳисоботида.
Венгрия бош вазирининг фикрича, Европа АҚШни кутиб ўтирмасдан тинчлик ташаббусини бошлаши керак. У Қўшма Штатлар ва Еропа Иттифоқининг ҳозирги ҳаракатини "уруш сиёсати" деб атади. Виктор Орбан ЕИ раҳбарларини Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда ўзини "ҳалол воситачи" деб ҳисобловчи Си Жинпин билан мулоқотни бошлашга чақирди.
Венгрия ҳукумати раҳбари, шунингдек, Хитой раҳбари билан учрашувда АҚШдаги президентлик сайловидан кейин мамлакатнинг янги давлат раҳбари ўз вазифасига киришишдан олдин тезда сиёсий натижага эришиш учун босимга дуч келишини муҳокама қилди. Унинг фикрича, тезкор тинчлик музокаралари янги маъмурият манфаатларига мос келиши мумкин.