Жо Байден маъмурияти Доналд Трампнинг Оқ уйга қайтиши арафасида Кремлга босимни кучайтириш учун Россия нефт экспортига нисбатан санкцияларни кучайтириш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg 11 декабр, чоршанба куни ёзмоқда.
Эҳтимолий янги чекловлар тафсилотлари ҳали ишлаб чиқилмоқда, бироқ жараён билан таниш бўлган бир неча манба Bloomberg агентлигига айтганидек, санкциялар Россия Федерациясидан нефт экспортининг бир неча турларига таъсир қилиши мумкин. Агентлик қайд этишича, Байден маъмурияти, айниқса, президентлик сайловлари арафасида энергия нархи ошишидан қўрқиб, бу қадам бўйича узоқ вақт иккиланган. Бироқ, нефт нархининг тушиши ва Трамп Украинани Россия Федерациясига ён босишга мажбурлаши мумкинлигидан хавотир кучайиб бораётган бир пайтда, Байден маъмурияти «энди янада қатъийроқ ҳаракатларга тайёр», деди Bloomberg манбалари.
Агентлик суҳбатдошларига кўра, Оқ уй соядаги флотга қаратилган янги санкцияларни жорий этиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда, унинг ёрдамида Москва Россия нефтига нисбатан нарх чегарасини четлаб ўтади. Қайд этилишича, яқин ҳафталарда янги чекловлар жорий этилиши мумкин, бундан ташқари, Европа Иттифоқи ҳам худди шундай чораларни кўришни режалаштирмоқда. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши ва Молия вазирлиги вакиллари изоҳ беришдан бош тортди, деб ёзади Bloomberg.