Трамп маъмурияти Россия-Украина урушини тугатиш бўйича тинчлик келишуви истиқболларига жуда оптимистик.
Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Керолин Левитт журналистларнинг махсус элчи Стив Уиткоффнинг Москвага кутилаётган ташрифи ҳақидаги саволларига жавоб бериш чоғида айтиб ўтди.
"Маъмурият жуда оптимистик. Президентнинг бутун аппарати, жумладан Уиткофф, Давлат котиби Марко Рубио, вице-президент (Жэй Ди Вэнс), президентнинг ўзи ва (Пентагон котиби Пит) Хегсет бу борада жуда қаттиқ меҳнат қилишди", деди у.
Левитт 30 ноябрь куни Флоридада бўлиб ўтган АҚШ-Украина музокаралари жуда яхши ўтганини таъкидлаб, ҳозирги фаолиятни Вашингтоннинг ҳар икки томон билан тенг равишда гаплашадиган "шатл дипломатияси" деб таърифлади.
Матбуот котиби мумкин бўлган келишувнинг асосий нуқталари аллақачон қоғозга туширилганини ва сезиларли даражада такомиллаштирилганини тасдиқлади. Унинг қўшимча қилишича, тафсилотлар музокаралар мавзуси бўлиб қолса-да, Оқ уй ижобий фикрда ва уруш тугатилишига умид қилмоқда.