«El Nacional» нашрининг ёзишича, 2023/24 йилги «Олтин тўп» соҳиби Родри «Реал»га эмас, балки «Барселона»га ўтишни афзал кўрмоқда.
28 ёшли испаниялик футболчи мавсум якунидан сўнг «Манчестер Сити»дан кетиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Родрининг бу қарорига кўплаб омиллар таъсир қилмоқда. Хусусан, Пеп Гвардиоланинг жамоани тарк этиши эҳтимоли, АПЛ томонидан клубга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган санкциялар ва ўз карьерасида янги чақириққа дуч келиш истаги шулар жумласидандир.
Родри ўзининг она ватани Ла Лигасига қайтишни хоҳлайди, чемпионатнинг ҳар иккала гиганти ҳам уни ўз сафларига қўшиб олишдан манфаатдор. Родри аллақачон ўз танловини қилган бўлиб, агар у «Манчестер Сити»ни тарк этадиган бўлса, «Барселона»га ўтишни истайди. Испаниялик футболчининг фикрича, каталонияликларнинг ўйин услуби унга кўпроқ мос келади ва айни пайтда бу лойиҳа уни кўпроқ қизиқтирмоқда. Бундан ташқари, «Реал»га ўтиш Родри ўз фаолиятини бошлаган «Атлетико»га нисбатан хиёнат бўлади.