Бугун EC-145 вертолёт экипажининг учинчи аъзоси, командир ёрдамчиси капитан Аман Амангелдининг жасади топилди.
Бу ҳақда Қозоғистон мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, у тажрибали учувчи бўлган, мураккаб об-ҳаво шароитида бир неча бор парвозларни амалга оширган, турли миқёсдаги машқлар ва операцияларда қатнашган.
10 август куни сув ости қидируви чоғида экипаж командири майор Нуржигит Уйсинбоевнинг, 11 август куни авиация эскадрони авиация бўлинмаси борттехники капитан Бахтияр Эржигитовнинг жасади топилди ва шахси аниқланди.
"Уччаласи ҳам Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Ҳарбий институти битирувчилари эди”, — дейилади бошқармада.
Акватория ва унга туташ ҳудудни ўрганиш бўйича қидирув ишлари давом этмоқда. Вертолёт парчаларини аниқлаш ва кўтариш ишлари олиб борилмоқда. Ҳалокат сабабларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 25 июль куни Олмаота вилоятида ҳарбий EC-145 вертолёти ғойиб бўлган эди.