Бугун 21 май, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Олий таълим муассасаси стратeгияси – таълим сифати кафолати

A A A
Олий таълим муассасаси стратeгияси – таълим сифати кафолати

Таълимнинг вазифаси – ақлга таянган фикрлашни, инсониятнинг билимларини мукаммал ўзлаштиришни ва маданиятни ривожлантиришни таъминлашдир. Ҳар қандай буюк ўзгаришларнинг замирида таълим намоён бўлади ҳамда у мамлакатнинг келажаги учун асосий пойдевор бўлиб, унинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини таъминлайди. Бунда жамиятга хизмат қилувчи кадрлар таъминотчиси олий таълим босқичи ҳисобланади.

Давлат раҳбари томонидан таълим соҳасини янада ривожлантиришга, уни жаҳон миқёсида тан олинган даражага етказишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Президент раҳбарлигидаги ислоҳотлар ва қабул қилинган стратегиялар мамлакатнинг олий таълим тизимини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Бу борада Ўзбекистонда олий таълим муассасаларининг стратегик ривожланиши муҳим аҳамиятга эга.

Жаҳонда олий таълим тизимини ривожлантириш бўйича кўплаб муваффақиятли мисоллар мавжуд. Гарвард университети, Оксфорд университети ва Токио университети каби дунёдаги етакчи таълим муассасалари ўзларининг стратегик мақсадларига эришган. Улар таълимни илмий тадқиқотларга, инновациялар ва халқаро ҳамкорликка асосланган ҳолда ривожлантирдилар.

Гарвард университети (АҚШ) ўзининг стратегик мақсадларини илмий тадқиқотларга қаратган. Гарвард университетининг миссияси — билимларни кенгайтириш ва инсонлар ҳаётини яхшилашга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб боришдир. Гарвардда илмий тадқиқотлар ва ўқув жараёни ўзаро боғлиқ бўлиб, бу университетнинг жаҳон миқёсидаги обрўсини янада мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда.

Оксфорд университети (Буюк Британия) таълим ва тадқиқотларни амалий тадқиқотлар ва инновациялар билан бойитган. Университетда яратилган инновация марказлари, талабаларнинг амалий тадқиқотлар ўтказиши учун имкониятлар яратган. Бундай ёндашув университетнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга ёрдам берган ва бу университетни жаҳон миқёсида етакчи ўринга чиқарган.

Токио университети (Япония) халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратган. Университет ўзининг профессор-ўқитувчилари ва талабаларини жаҳоннинг турли университетлари билан алмашинувлар ташкил қилиш орқали илмий билимларини оширишга ёрдам бермоқда. Бу университетнинг стратегияси халқаро майдондаги обрўсини мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда.

Ўзбекистон университетлари ҳам янги босқичга чиқмоқда ва ижобий ўзгаришлар сари илдамланмоқда. "Ўзбекистон – 2030" стратегияси шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилингани мамлакатимизда олий таълимнинг ривожланиши учун муҳим қадамлардан биридир. Бу стратегия ва концепциянинг асосий мақсади – мамлакатимизнинг ҳар бир соҳасида жаҳон стандартларига мос бўлган тизим яратишдир. Таълим соҳаси ҳам бу мақсадларнинг марказида туради. "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида таълим тизимини инновацион ва замонавий технологиялар билан бойитиш, илмий-тадқиқот фаолиятини кучайтириш, ҳамда ёшларнинг таълим олиши учун барча шароитларни яратиш назарда тутилган. Шунингдек, стратегияда таълим муассасаларининг глобал миқёсда рақобатбардошлигини ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини юксалтириш, ва инновацион йўналишларни ривожлантириш каби вазифалар белгиланган.

Президентимиз “Таълим – келажагимиз калити”, "Таълим соҳасига сармоя киритиш – бу келажакка сармоядир" деган фикрлари таълимга бўлган эътибор даражасини белгилайди. Бу фикрлар олий таълим муассасалари стратегиясини ишлаб чиқишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Шу боисдан, олий таълим муассасалари ўзларининг стратегик мақсадларини янгилашлари, таълим жараёнини жаҳон стандартларига мувофиқлаштиришлари ва талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришлари, унинг сифатини ошириш биринчи даражали вазифа ҳисобланади.

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларининг стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш натижалари кўплаб ижобий натижаларни келтириб чиқаради.

Биринчидан, таълим сифатининг ошиши мамлакатнинг иқтисодий ва технологик ривожланишига ёрдам беради. Юқори малакали кадрлар ва мутахассисларнинг тайёрланиши, уларнинг илмий тадқиқотларга асосланган бўлиши мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини оширади.

Иккинчидан, олий таълим муассасаларида амалий тадқиқотлар ва инновацион фаолиятларни ривожлантириш мамлакат иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқади.

Учинчидан, таълим тизимининг халқаро стандартларга мослашуви, жаҳон университетлари билан ҳамкорликнинг кучайтирилиши Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлайди.

Бундай тажриба аксарият олий таълим муассасаларида бўлганидек, Тошкент давлат юридик университети ҳам бу босқични муваффақият билан босиб ўтмоқда.

Тошкент давлат юридик университетининг 2023-2030 йилларга мўлжалланган стратегик ривожланиш дастури (Концепцияси) университетнинг келгуси йиллардаги фаолият йўналишларини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади. Ушбу дастурда Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармонлари асосида юридик таълим ва фанни янада ривожлантириш, университетнинг академик ва бошқарув мустақиллигини ошириш, шунингдек, юридик амалиёт ва илм-фанни бир-бирига яқинлаштириш мақсадлари акс эттирилган. Дастур университетни дунё илмий ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига қаратилган.

Жумладан, замонавий меҳнат бозори талабларига ва буюртмачилар эҳтиёжларига жавоб берадиган юридик кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш, таълим сифатини ошириш, замон ва келажак талабларига олдиндан мослашиш, ҳуқуқий технологиялар ва сунъий интеллект тилимларига доир муҳим кўникмаларни шакллантириш, халқаро юридик таълим тизимлари билан интеграциялашувини кучайтириш каби устувор йўналишларни назарда тутади.

Айниқса, компетентликка асосланган ёндашув асосида юридик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, юридик кадрлар тайёрлашда назарий билимлар ва амалий йўналишнинг мақбул уйғунлигини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқшунослик касби учун зарур кўникмаларни шакллантириш;

муайян соҳадаги таянч билимларни баҳолаш, таҳлил қилиш ва амалиётда қўллаш, янги ғояларни ишлаб чиқиш, талаба компетенциялари даражасини баҳолаш (диагностика) тизимлари ва воситаларини такомиллаштириш қобилиятини ўзида мужассамлаштирган ўқув натижаларини комплекс баҳолашни шакллантириш;

юридик фанлар соҳасида илмий тадқиқотларнинг фундаментал ва амалий аҳамиятини кучайтириш;

халқаро аккредитацияни, хусусан, халқаро миқёсда тан олинган ва етакчи халқаро аккредитация ташкилотлари томонидан таълим дастурларини институционал аккредитация ва аккредитанциядан ўтказишни таъминлаш муҳим вазифа сифатида қўйилган.

Шу каби стратегиялар, янги концепциялар, олий таълим муассасаларининг стратегик мақсадларини қайта кўриб чиқиш, уларнинг миссия ва вазифаларини янгилаш заруратини талаб қилмоқда. Ҳозирги глобаллашган дунёда, таълимнинг роли нафақат иқтисодий ва технологик ривожланишда, балки инсон капиталини оширишда, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда ҳам катта аҳамиятга эга.

Шу боис, олий таълим муассасаларининг стратегик ривожланишини таъминлаш ва уларнинг жаҳон миқёсидаги етакчи университетлар даражасига етказиш Ўзбекистоннинг келажакдаги барқарор тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга.

Дурбек Маҳкамов,
Тошкент давлат юридик университети
Ташкилий-назорат ва стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи

Киритилди: 15:56 29.08.2024. Ўқилди: 1254 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!