Бугун 24 май, 2025 йил, шанба

O'ZB

Олий таълим муассасаларидаги яширин “ўйин”лар

A A A
Олий таълим муассасаларидаги яширин “ўйин”лар

Ҳар бир давлат ижтимоий соҳасининг тараққиёти таълим тизимининг, шунинг ичида олий таълим тизимининг мукаммаллашишига боғликдир.

Бунинг учун эса олий таълим соҳасида қонун бузилиши ва камчиликларни бартараф этиш, “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш энг долзарб муаммоларнинг бири ҳисобланади.

Бугунги кунда олий таълим муассасаларининг (ОТМ) ўқув-услубий, илмий, маънавий-маърифий ишлар буйича фаолиятидан ташқари қуйидаги йуналишларда ҳам Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эътибор қартаиши лозим бўлган бир қатор коррупциоген ҳолатлар кузатилмоқда:

Олий таълим муассасалари ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тўлиқ ОТМ раҳбарияти томонидан монополлаштирилгани, ОТМ худудида овқатланиш масканлари, канцелярия ва компьютер хизматлари, нашриёт, қўшимча маблағ келтирувчи фаолият юзасидан ижара пулларни шартномада кичик миқдорда кўрсатиш, амалда эса қолган суммани нақд ҳолатда ўзлаштириш жараёни;

ОТМларни таъмирлаш ва янги бинолар қурилиши учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш, таъмирлаш учун зарур бўлган маҳсулотларни тендер хужжатларини сохталаштириш, ўзига “қарашли” фирмалар томонидан тендер ютиб олинишини таъминлаш, қурилиш материаллари учун ажратилган маблағларни “таниш” корхоналарга пул кўчириш йўли билан (нархлари оширилган ҳолда) сотиб олиш ва ўртадаги фарқни ҳақ сифатида олиш жараёни;

ОТМларни моддий техник базасини янгилаш мақсадида сотиб олинаётган маҳсулотларни, ОТМ раҳбариятининг яқинлари ва қариндош томонидан асос солинган корхоналардан бир неча баробар қиммат нархларда харид қилиш, техник хизмат кўрсатиш белгиланганидан кўпроқ миқдорда маблағ ажратиш;

ОТМ раҳбарлари ўзларига “яқин” профессор-ўқитувчилар ва ходимлармномига пулли мукофот ёзиб, маълум қисмини ўзлаштириш холатлари;

Талабалар турар жойларига талабаларни жойлаштириш ҳамда у ердаги ташкилий масалаларга талабалардан қўшимча тарзда маблағ йиғиш жараёни.

Келитириб ўтилган муаммолар рўйхати бу билан чекланмайди. Бу каби тизимли муаммолар деярли ҳар бир ОТМ учраб туриши Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги учун ҳам янгилик эмас. Лекин йиллар давомида бу муаммоларни бартараф этилмаганлиги ОТМларнинг асосий вазифаси бўлган сифатли таълим беришига тўсқинлик бермоқда.  
 
Янги тузилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юқоридаги каби муаммоларга ҳам эътибор қаратиб, уларни бартараф этишда ҳар бир ОТМ жамоасининг фикрини яширин тарзда ўрганилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ўрганиш натижалари очиқ ҳолатда жамоатчиликка ошкор этилсагина бундай салбий ҳолатлар олди олинарди. Зеро коронавирус пандемияси кўплаб соҳалар каби таълим тизимидаги муаммоларни яққол намоён этиб берди. Бу муаммоларни бугун бартараф этмасак келажак авлод бизни кечирмайди. 

Муҳаммад ВАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Адолат СДП фракцияси аъзоси

Киритилди: 15:06 29.07.2020. Ўқилди: 5989 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!