Бугун 22 ноябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Олий суд раиси: "Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир"

Олий суд раиси: "Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир"

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комиловнинг “Ўзбекистон: беш йиллик жадал ислоҳотлар” мавзусидаги халқаро конференциядаги маърузасидан:

Маълумки, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир. Чунки, адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Фақатгина мустақил суд ҳокимияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ва адолатли ҳимоя қилиши мумкин.

Шу муносабат билан мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланган.

Ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Лекин биз соҳадаги барча муаммолар ўз ечимини топди деб айта олмаймиз. Суд тизимининг олдида халқнинг судга тўлақонли ишончига эришиш, уларни суддан рози қилиш йўлида муҳим вазифа ва мақсадлар турибди. Айниқса, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмларини замонга мос равишда, халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш бориш биринчи навбатдаги вазифамиздир.

Шу билан бирга мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кескин ўзгаришлар, глобаллашув шароитида ижтимоий муносабатлар тобора кенгайиб бораётгани давлатимизда қонун устуворлигини ва адолатни таъминлаш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда. Бу суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини оширишга қаратилган мутлақо янги босқични бошлашини ҳаётий заруратга айлантирмоқда.

Шу нуқтаи назардан, одил судлов соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, соҳани янада такомиллаштириш, айниқса, судья лавозимига кадрларни тарбиялаш, танлаш ва жой-жойига қўйиш, судьялар чинакам мустақиллигини таъминлаш муҳим стратегик аҳамиятга эга вазифалар ҳисобланади.

Барча ислоҳотларимиз замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш мужассамдир.

Киритилди: 10:42 06.10.2021. Ўқилди: 2363 марта. Фикрлар сони: 3 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!